Алоуддин Мансур — 290
17:76 Улар сизни бу tрдан (Маккадан) чиқариб юбориш учун (турли макр-ҳийлалар билан) қўзғатиб юборишларига оз қолди. У ҳолда, уларнинг ўзлари ҳам сиздан кейин озгина (муддат) тура оладилар, холос (сўнгра, албатта ҳалок қилинурлар).
17:77 (Ўз пайғамбарларини қувиб чиқарган қавмнинг ҳалок қилиниши) сиздан илгари юборган пайғамбарларимиздан қолган йўл-қонундир. Сиз ҳаргиз Бизнинг қонунимиз ўзгарганини кўрмайсиз.
17:78 Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (тўкис адо қилинг). Зеро тонгги ўқиш (кеча ва кундуз фаришталари) ҳозир бўладиган намоздир.[10]
17:79 Кечанинг (бир қисмида) уйғониб ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни ўқинг! Шоядки, Парвардигорингиз сизни (Қиёмат Кунида Буюк Шафоатни — ҳисоб-китобни бошлашини Аллоҳдан сўраб берувчи) мақтовли мақомда тирилтирур.
17:80 Ва айтинг: «Парвардигорим, мени (қабримга) ҳаққи-рост (яъни, гуноҳлардан пок бўлган ҳолимда) дохил қилгин ва (Қиёмат Куни тирилтирганингда ҳам) ҳаққи-рост (ўнг томоним билан) чиқаргин, ҳамда мен учун ўз даргоҳингдан бир мададкор қувват ато қилгин».
17:81 Яна айтинг: «Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолгувчи нарсадир».
17:82 Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим-кофир кимсаларга фақат зиённи зиёда қилур.
17:83 Қачон Биз инсонга (тинчлик, саломатлик, тўкинликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, четга бурилиб кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур.
17:84 Айтинг: «Ҳар ким ўз ҳолича амал қилур. Парвардигорингиз Тўғри Йўлдаги зотларни жуда яхши билур (ва ҳар кимга қилган иш-амалига мувофиқ жазо-мукофот берур»).
17:85 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир». Сизларга жуда оз илм берилгандир.[11]
17:86 Қасамки, агар хоҳласак, сўзсиз, сизга ваҳий қилган нарса — Қуръонни (сиздан) кетказурмиз, сўнгра ўзингиз учун (яъни, Биздан Қуръонни қайтариб олиш учун) Бизга қарши бирон вакил-ҳомий топа олмассиз.