Алоуддин Мансур — 289
17:67 Қачон денгизда сизларга бирон мусибат етса, сизлар илтижо қиладиган бутлар ғойиб бўлур, фақат Унинг Ўзигина қолур. Энди қачонқи, У зот сизларга нажот бериб қуруқликка чиқариб қўйгач, сизлар Ундан юз ўгирурсиз. Дарҳақиқат, инсон куфрони неъмат қилгувчидир.
17:68 Ё (Аллоҳ), сизларни қуруқлик томонида ҳам (ерга) юттириб юборишидан, ёхуд устингиздан тош ёғдиришидан, сўнгра ўзларингиз учун бирон вакил — сақловчи тополмай қолиш (ғами)дан хотиржаммисиз?!
17:69 Ёки У зот сизларни яна қайтадан (денгизга) қайтариб, устингизга қаттиқ шамол юборишидан, бас, кофир бўлганларингиз сабабли ғарқ қилишидан, сўнгра ўзларингиз учун Биздан ўч олиб бергувчи бировни топа олмай қолиш ғамидан хотиржаммисиз?!
17:70 Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда — қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик.
17:71 Биз ҳар бир одамни ўз номаи аъмоли билан чорлайдиган (Қиёмат) кунини эслангиз! Бас, кимгаки ўз китоби — номаи аъмоли ўнг қўлидан берилса, ана ўша кишилар ўзларига қилчалик зулм қилинмаган ҳолида, номаи аъмолларини ўқурлар (яъни, унда бу дунёда қилиб ўтган барча яхши амалларининг савоби битилган бўлур).
17:72 Кимки, бу дунёда кўр-гумроҳ экан, бас, у Охиратда ҳам кўр ва бутунлай йўлдан озгувчидир.
17:73 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушриклар) сизни Бизнинг шаънимизга, (ваҳийдан) ўзга нарсаларни тўқиб чиқаришингиз учун — Биз сизга ваҳий қилган оятлардан алдаб-буриб юборишларига оз қолди. У ҳолда, (яъни, уларнинг йўриқларига юрсангиз), сизни дўст қилиб олган бўлур эдилар.
17:74 Агар Биз сизни (ҳақ йўлда) қилмаганимизда, сиз уларга бир қадар мойил бўлишингизга оз қолди.
17:75 У ҳолда, албатта, Биз сизга дунё (азобини) ҳам, Охират (азобини) ҳам икки ҳисса қилиб тотдирган бўлур эдик, сўнгра ўзингиз учун Бизга қарши бирон мададкор топа олмаган бўлур эдингиз.[9]