>

Алоуддин Мансур — 288

17:59 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушриклар сиздан талаб қилган) оят-мўъжизаларни юборишдан Бизни фақат аввалги умматлар у (мўъжизаларни) ёлғон деганларигина қайтарди. Самуд қабиласига очиқ (мўъжиза бўлган) туяни ато этганимизда уни инкор этдилар (ва оқибатда қирилиб кетдилар). Биз мўъжизаларни фақат (бандаларимизни ҳалокатдан) қўрқитиш учунгина юборурмиз.

17:60 Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизга Парвардигорингиз (барча) одамларни ўраб-иҳота қилиб олгандир, деган эдик. Биз сизга (Меърож кечасида кўрсатган) «Туш»ни ва Қуръонда лаънатланган (Заққум) дарахтини у одамлар учун бир фитна-имтиҳон қилдик, холос. Биз (мушрикларни турли мўъжизалар билан) қўрқитурмиз, аммо бу уларни баттар туғёнга солур.[8]

17:61 Эсланг, Биз фаришталарга Одамга сажда қилинг, дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат иблис (кибру ҳаво билан): «Сен лойдан яратган кимсага сажда қилурманми?», деди.

17:62 У (яна шундай) деди: «Менга хабар бергин-чи, мана шу кимсани мендан улуғ-устун қилдингми? Қасамки, агар Сен мени Қиёмат Кунигача (тирик) қолдирсанг, албатта, мен унинг зурриётини қириб юборурман, (яъни, ҳақ йўлдан оздириб, ҳалокат йўлларига буриб юборурман), магар озгиналаригина (ҳақ йўлда) қолурлар».

17:63 (Аллоҳ) айтди: «Бор, (сенга Қиёматгача умр бердим). Бас улардан ким сенга эргашса, у ҳолда, шак-шубҳасиз, жаҳаннам сизларга етарли жазо бўлур!

17:64 Улардан кучинг етган кимсани овозинг билан қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда (лашкарингни) торт, топган мол-давлат ва бола-чақаларида уларга шерик бўл (яъни, уларни ҳаромдан мол-дунё ва бола-чақа орттиришга унда), уларга (ёлғон) ваъдалар қил». Дарҳақиқат, шайтон уларга фақат алдов-ёлғон нарсаларнигина ваъда қилур.

17:65 «Менинг (иймон-эътиқодли) бандаларим устига эса сен учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик бўлмас. Парвардигорингнинг Ўзи етарли қўриқловчидир».

17:66 (Эй инсонлар), Парвардигорингиз Унинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) изланглар, деб сизлар учун денгизда кемаларни юргизиб қўйган Зотдир. Дарҳақиқат, У сизларга меҳрибондир.