Алоуддин Мансур — 287
17:50 Айтинг: «Сизлар хоҳ тош ё темир бўлинглар.
17:51 Ёки кўнгилларингизда (ҳаётлигини тасаввур қилиши) жуда қийин бўлган бошқа бирон махлуқ бўлинглар, (ҳар ҳолда Аллоҳ сизларни тирилтирур)». Ҳали улар: «Бизларни ким қайта тирилтира олур?», дейдилар. «Сизларни илк бор яратган зот», деб айтинг! Ҳали улар: «У (кун) қачон бўлур?», деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг!
17:52 У зот сизларни чорлайдиган кунда Унга ҳамду сано билан жавоб берурсизлар ва ўзларингизнинг (дунёда) жуда оз (муддат) турганларингизни ўйлаб қолурсизлар.
17:53 Бандаларимга айтинг-ки, улар (ўзаро сўзлашганларида) энг гўзал сўзлардан сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур. Дарҳақиқат, шайтон инсонга очиқ душмандир.
17:54 (Эй инсонлар), Парвардигорингиз сизларни жуда яхши билур. Хоҳласа сизларга раҳм-шафқат қилур, хоҳласа сизларга азоб берур. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизни (одамлар) устига қўриқчи қилиб юборган эмасмиз (яъни, сизнинг вазифангиз фақат Бизнинг амру фармонларимизни уларга етказмоқдир).
17:55 Парвардигорингиз осмонлар ва Ердаги бор жонзотни жуда яхши билур. Ҳақиқатан, Биз айрим пайғамбарларни айримларидан устун қилдик. Биз Довудга Забурни ато этдик.[6]
17:56 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушрикларга) айтинг: «(Аллоҳдан) ўзга (илоҳ) деб гумон қилган кимсаларингизни чорланглар! Улар сизлардан бирон зиённи арита олмаслар ва (уни сизлардан бошқаларга) буриб ҳам юбора олмаслар.
17:57 Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар. У зотнинг раҳмат-марҳаматидан умидвор бўлурлар, азобидан қўрқурлар. Парвардигорингизнинг азоби қўрқинчлидир.[7]
17:58 (Ер юзидаги) бор қишлоқ-шаҳарнинг (барчасини) Биз Қиёмат Куни (келиши)дан илгари ҳалок қилгувчидирмиз ёки қаттиқ азоб билан азоблагувчидирмиз. Ушбу ҳукм Китобда тақдири азалда битилгандир.