>

Алоуддин Мансур — 286

17:39 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), бу оятлар Парвардигорингиз сизга ваҳий қилган ҳикматлардан айримларидир. Сиз Аллоҳ билан бирга яна бошқа бирон илоҳ бор деб, маломатланган ва (Аллоҳ раҳматидан) қувилган ҳолда жаҳаннамга ташланманг.

17:40 (Эй мушриклар), Парвардигорингиз сизларга ўғилларни танлаб бериб, Ўзига фаришталарни қиз қилиб олдими?! Дарҳақиқат, сизлар оғир сўзни — катта гуноҳни сўзламоқдасиз![5]

17:41 Албатта, Биз бу Қуръонда улар эслатма (ибрат) олишлари учун (турли масал ва ҳикматларни) баён қилдик. (Лекин бу эслатмалар) уларни янада (ҳақдан) йироқлаштирур.

17:42 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар улар айтганларидек Аллоҳ билан бирга (бошқа) илоҳлар ҳам бўлса эди, у ҳолда ўша (илоҳлар) Арш Соҳибига (яъни, Аллоҳга) қарши йўл излаган бўлур эдилар».

17:43 (Аллоҳ) улар айтган нарсадан пок ва ниҳоят даражада юксакдир.

17:44 Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот (Аллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини — поклашларини англамассизлар. Дарҳақиқат, У ҳалим ва мағфиратли бўлган Зотдир.

17:45 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қачон сиз Қуръон қироат қилганингизда, Биз сиз билан Охиратга ишонмайдиган кимсалар ўртасида кўринмас парда қилиб (тортиб) қўюрмиз (бас, улар Қуръон маъноларини англай олмаслар).

17:46 Шунингдек, (Қуръонни) англай олмасинлар учун уларнинг дилларида тўсиқлар ва қулоқларида оғирлик — карлик пайдо қилурмиз. Қачон сиз Қуръонда ёлғиз Парвардигорингизни зикр қилсангиз, (мушриклар) орқаларига бурилиб қочурлар.

17:47 Биз уларнинг сизга (яъни, сизнинг қироатингизга) қулоқ тутаётган пайтларида нима сабабдан қулоқ тутаётганларини ва ўзаро шивирлашиб, золим кимсалар (мўминларга): «Аниқки сизлар сеҳрланган, ақлдан озган кишига эргашмоқдасизлар», деяётганларини жуда яхши билурмиз.

17:48 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), улар сиз ҳақингизда (сеҳрланган, мажнун, шоир деб) қандай мисоллар келтирганларини, бас, йўлдан озиб (ҳақ) йўлни топа олмаётганларини кўринг!

17:49 Улар: «Суяк ва (чирик) мурдаларга айланиб кетгач, яна янгитдан яралиб тирилурмизми?!», дедилар.