>

Алоуддин Мансур — 285

17:28 Агар сиз Парвардигорингиз томонидан бўладиган марҳаматдан умидвор ҳолингизда (ҳозир қўлингизда бўлмагани сабабли хайр-эҳсон қилиш имконини топмай), улардан (яъни, қавм-қариндош, мискин ва йўловчилардан) юз ўгирадиган бўлсангиз, у ҳолда уларга юмшоқ сўз айтинг!

17:29 (Бахиллик билан) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. Исрофгарчилик қилиш билан уни бутунлай ёзиб ҳам юборманг. Акс ҳолда, маломат ва надоматда қолурсиз.

17:30 Шубҳасиз, Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Албатта, у бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб тургувчи бўлган Зотдир.

17:31 (Эй инсонлар), болаларингизни йўқчилиқдан қўрқиб ўлдирмангизлар — уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ўзимиз ризқ берурмиз. Уларни ўлдирмоқ, шак-шубҳасиз, катта хатодир.

17:32 Зинога яқинлашманглар! Чунки (бу) бузуқликдир — энг ёмон йўлдир.

17:33 Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни (яъни, қатл этилишга мустаҳиқ бўлмаган жонни ноҳақ ўлдирмангиз, магар ҳақ шаръий қонун) билангина ўлдиришларингиз мумкиндир. Кимки мазлум бўлган ҳолида (яъни, ноҳақ) ўлдирилса, биз унинг эгаси — вориси учун (қасос олишга) салтанат-ҳуқуқ бергандирмиз. Бас, у (қотилни) ўлдиришда ҳаддан ошмасин (яъни, қотилнинг ўрнига бошқа бировни ўлдирмасин, ё бир кишининг муқобилига икки кишини ўлдирмасин, ёки қотилни ўлдиришда унинг қулоқ-бурнини кесмасин)! Зеро, у (Аллоҳ томонидан қотилнинг устига) ғолиб қилинган зотдир.

17:34 Етимнинг молига то у балоғат ёшига етгунича яқинлашманглар, магар энг чиройли йўсинда (унга бирон зиён етказмасдан яқинлашинглар — тасарруф қилинглар). Аҳдга вафо қилинглар. Зеро, аҳд-паймон (Қиёмат Куни) масъул бўлинадиган ишдир.

17:35 (Ўрталарингиздаги олди-берди, савдо-сотиқдан бирон нарсани) ўлчаган вақтларингизда ўлчовни тўла-тўкис қилинглар ва тўғри тарози билан тортинглар! Мана шу энг яхши ва чиройли ечим — ҳукмдир.

17:36 (Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил — буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат Кунида жавоб беради).

17:37 Ер юзида кибр-ҳаво билан юрмагин! Чунки сен (оёқларинг билан) ҳаргиз ерни тешиб (унинг тубига) кетолмайсан ва бўйи бастда тоғларга етолмайсан. (Бас, бу қадар ожиз экансан, нечун кибру ҳаво қилурсан?!)

17:38 Буларнинг (яъни, юқоридаги оятларда манъ этилган нарсаларнинг) барчаси Парвардигорингиз наздида макруҳ бўлган гуноҳлардир.