>

Алоуддин Мансур — 284

17:18 Ким нақд (дунё)ни кўзловчи бўлса, Биз (шу дунёда улардан) Ўзимиз истаган кимсалар учун Ўзимиз хоҳлаган нарсани нақд қилиб берурмиз. Сўнгра (яъни, Охиратда) унинг учун ўзи мазаммат ва қувғинга дучор бўлган ҳолда кирадиган жаҳаннамни жой қилиб берурмиз.

17:19 Ким Охиратни истаса ва мўмин бўлган ҳолида (Охиратга лойиқ) саъй-ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйлари (Аллоҳ наздида) мақбул бўлур.

17:20 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, бу дунёда одамларнинг) барчаларига — мана бу (мўмин)ларга ҳам, анави (кофир)ларга ҳам Парвардигорингизнинг неъматидан ато этурмиз. Парвардигорингизнинг неъмати (ҳеч кимдан) манъ қилинмас.

17:21 (Бу дунёда) уларнинг бировларидан бировларини (ризқу мартабада) қандай устун қилганимизни кўринг! Шак-шубҳа йўқки, Охират даражалари неча баробар улуғ ва афзалроқдир.

17:22 Сиз яна Аллоҳ билан бирга ўзга бирон илоҳ ҳам бор, деб мазамматлангувчи ва маҳрум бўлиб ўтирманг!

17:23 Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт!

17:24 Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут — хокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)![4]

17:25 (Эй инсонлар), Парвардигорингиз дилларингиздаги сирларингизни жуда яхши билгувчидир. Агар сизлар яхши бўлсангизлар (яъни, ота-оналарингизнинг ҳуқуқларини таниб, уларга меҳрибон бўлсангизлар. Албатта, Аллоҳ билмасдан қилган гуноҳларингизни мағфират қилур). Зеро, у тавба қилгувчиларни мағфират этувчи бўлган Зотдир.

17:26 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қавми-қариндошга, мискин ва йўловчига (хайру эҳсон қилиш билан) ҳақларини ато этинг ва исрофгарчиликка йўл қўйманг!

17:27 Чунки исроф қилгувчилар шайтонларнинг дўстлари бўлган кимсалардир. Шайтон эса Парвардигорига бутунлай кофир бўлгандир.