Алоуддин Мансур — 282
17:1 (Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжидул-Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжидул-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир. Дарҳақиқат, У эшитгувчи, кўргувчи Зотдир.[1]
17:2 Биз Мусога Китоб (Таврот) ато этдик ва у (Китобни) Бани Исроил (қавми) учун ҳидоят қилиб (дедик): «Сизлар Мендан ўзгани вакил (яъни, барча ишлар ишониб топшириладиган зот) қилиб олманглар!»
17:3 «(Эй) Биз (ғарқ бўлишдан қутқариб) Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб нажот берган кишиларнинг зурриётлари, (сизлар ҳам Нуҳнинг йўлини тутинглар), зеро, у доимо шукр қилгувчи банда эди».
17:4 Шунингдек, Биз Бани Исроилга у Китобда: «Сизлар албатта, (Шом) заминида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга тушурсизлар», деб хабар бердик.
17:5 Бас, қачон у (бузғунчилик)лардан аввалгисининг вақти келганида, Биз сизларнинг устингизга (қилмишларингиз баробарида) жазолаш учун (куч-қувват эгалари бўлган) бандаларимизни юбордик. Улар (сизларни ҳалок қилиш, асир олиш учун) ҳовли-жойлар оралаб кездилар. (Бу ваъда) адо қилингувчи ваъда бўлди.[2]
17:6 Сўнгра (тавба-тазарру қилиб ўзларингизни ўнглаганингиздан кейин) Биз сизларни қайтадан уларнинг (Бобил ҳукмдорининг) устига ғолиб қилдик ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад бериб сон-саноқларингизни кўпайтирдик.
17:7 Агар (шундан кейин) чиройли амаллар қилсангизлар, ўзларингизга яхшилик қилган бўлурсизлар. Агар ёмон, гуноҳ амаллар қилсангизлар ҳам ўзларингиз учундир. Бас, қачон кейинги (бузғунчиликнинг) вақти-соати келганида, (улар яна) юзларингизни қаро қилишлари, аввалги сафар кирганлари каби Масжид (ал-Ақсо)га кириб, (уни топташлари) учун ҳамда ўзлари эгаллаб олган (барча) ерларни вайрон этишлари учун (яна душманларингизни сизларнинг устингизга юборурмиз).[3]