>

Алоуддин Мансур — 281

16:119 Сўнгра (билингки), албатта, Парвардигорингиз, билмаган ҳолда ёмонлик — гуноҳ қилиб қўйиб, кейин тавба қилган ва ўзларини тузатган кишилар учун, шак-шубҳасиз, ўша (тавба-тазарруъларидан) сўнг Парвардигорингиз (уларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир.

16:120 Албатта, Иброҳим Аллоҳга итоат қилгувчи, ҳақ йўлдан тойилмаган бир пешво-имом эди. У мушриклардан эмас эди.

16:121 У (Аллоҳнинг) неъматларига шукр қилгувчи эди. (Шу сабабдан Аллоҳ) уни (пайғамбарликка) танлаб, Тўғри Йўлга ҳидоят қилди.

16:122 Биз унга бу дунёда чиройли (обрў-эътибор) ато этдик (зеро, барча динларнинг аҳллари Иброҳим алайҳиссаломнинг номларини ҳурмат билан тилга оладилар). Албатта, у Охиратда ҳам солиҳ — яқинларимиздандир.

16:123 Сўнгра (Биз, эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга ҳақ йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик.

16:124 «Шанба» (у кунни улуғлаш) фақатгина у кун ҳақида ихтилоф қилган кимсаларнинг (яъни, яҳудийларнинг) устига (фарз) қилингандир. Албатта, Парвардигорингиз Қиёмат Кунида уларнинг ўртасида ўзлари ихтилоф қилиб ўтган нарсалар тўғрисида ҳукм қилур.[12]

16:125 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Парвардигорингизнинг йўли — динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала — мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва У зот ҳидоят топгувчи кишиларни ҳам жуда яхши билур.

16:126 (Эй мўминлар), агар сизлар (ўзингизга етган бирон зиён-заҳмат учун) интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз. (Аммо) агар (интиқом олмай) сабр-тоқат қилсангизлар, албатта сабр қилгувчи кишилар учун (бу интиқом олмоқдан) яхшироқдир.

16:127 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, бу даъват йўлида сизга етган озор-азиятларга) сабр-тоқат қилинг. Ёлғиз Аллоҳ ёрдами билангина сабр қилишга қодир бўлурсиз. Уларнинг (яъни, мушрикларнинг динга кирмаганликлари) устида маҳзун бўлманг. Уларнинг макру ҳийлаларидан сиқилманг ҳам!

16:128 Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилгувчи зотлар билан биргадир.