>

Алоуддин Мансур — 280

16:111 Ҳар бир жон фақат ўзини ўйлаб — ҳимоя қилиб қоладиган ва ҳар бир жон қилган амалининг (мукофотини) тўла оладиган ҳамда уларга зулм қилинмайдиган Кунни (эсланг).

16:112 Аллоҳ бир шаҳарни (яъни, Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқу рўзи бекаму-кўст келиб турар эди. Бас, (қачонки) у (яъни, унинг аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ у (шаҳар аҳолисига) бу «хунарлари» (куфру исёнлари) сабабли очарчилик ва нотинчлик балосини тотдириб қўйди.

16:113 Дарҳақиқат, уларга ўзларидан бўлган бир пайғамбар келганида уни ёлғончи қилишгач, уларни золим бўлган ҳолларида (Аллоҳнинг) азоби ушлади.

16:114 Бас, (эй мўминлар), Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар ва агар Аллоҳга ибодат этгувчи бўлсангизлар, У зотнинг неъматларига шукр қилинглар!

16:115 У (Аллоҳ) сизларга фақатгина ўлаксани, қонни, тўнғиз гўштини ва Аллоҳдан ўзгага аталиб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди. Энди кимки золим ва ҳаддан ошувчи бўлмаган ҳолида ночор вазиятда қолса (ва шу ҳолда мазкур нарсалардан ўлмагудек миқдорда еса, гуноҳкор бўлмайди). Бас, албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир.

16:116 Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлгонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар.

16:117 (Ундай кимсалар учун бу ҳаёти дунёда) озгина фойда бўлур. (Охиратда эса) улар учун аламли азоб бордир.

16:118 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), яҳудий бўлган кимсаларга илгари (Анъом сурасида) сизга сўзлаб берган нарсаларни ҳаром қилдик. Биз уларга зулм қилмадик, балки улар ўзларига (ўзлари) зулм қилгувчи бўлдилар.