>

Алоуддин Мансур — 279

16:103 Аниқки, Биз уларнинг «(Қуръонни Муҳаммадга) бирон одам ўргатмоқда», деяётганини билурмиз. (Лекин уларнинг бу даъволари пучдир, чунки) улар ишора қилаётган кимсанинг тили ажамий (яъни, арабий эмас), бу (Қуръон) эса очиқ-равшан арабийдир.[10]

16:104 Албатта, Аллоҳ оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларни Аллоҳ ҳидоят қилмас. Улар учун аламли азоб бордир.

16:105 Ёлғон сўзларни ҳам фақат Аллоҳ оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқурлар. Ана ўшаларнинг ўзлари ёлғончидирлар.

16:106 Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса, (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни, диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улуғ азоб бордир.[11]

16:107 Бунга (яъни, бундай азоб-уқубатларга дучор бўлишларига) сабаб улар ҳаёти дунёни Охиратдан афзал билганларидир. Аллоҳ эса кофир қавмни ҳидоят қилмас. (Бас, улар кофир бўлганлари сабабли ҳақ йўлни топа олмай ўлиб кетурлар).

16:108 Аллоҳ ундай кимсаларнинг дилларини, қулоқларини ва кўзларини муҳрлаб қўйгандир. Улар ғофил кимсалардир.

16:109 Шак-шубҳа йўқки, улар Охиратда зиён кўргувчилардир.

16:110 Сўнгра (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, билингки), албатта, Парвардигорингиз, фитналарга дучор этилганларидан кейин (Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага) ҳижрат қилган, сўнг (Аллоҳ йўлида) жиҳод этиб, (бу жиҳод машаққатларига сабр-тоқат қилган зотлар учун) мададкор, ёрдамчидир. Албатта, Парвардигорингиз у (меҳнат-машаққатларни кўтарганларидан) кейин (улар учун) мағфират қилгувчи, меҳрибондир.