>

Алоуддин Мансур — 277

16:88 Кофир бўлган ва (одамларни) Аллоҳ йўлидан тўсган кимсаларга бузғунчилик қилганликлари сабабли азоб устига азобни зиёда қилурмиз.

16:89 (Қиёмат Куни) ҳар бир уммат орасидан ўзларидан бўлган бир гувоҳни (яъни, пайғамбарни) келтирурмиз. Сизни эса (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ана у (ўз умматингизга) гувоҳ қилиб келтирдик ва сизга ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китобни — Қуръонни нозил қилдик.

16:90 Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур. У зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилур.

16:91 Аҳд-паймон берган вақтларингизда, Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Аллоҳни кафил қилиб ичган қасамларингизни (Аллоҳ номини зикр этиш билан) мустаҳкам қилганингиздан кейин бузмангиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур.

16:92 Ва сизлар бир миллат бошқа бир миллатдан (сон ё бойлик жиҳатидан) ортиқроқ бўлгани учун қасамларингизни (бузиб) алдов воситаси қилишингиз билан (яъни, бошқа бойроқ ва кучлироқ қавмни топсангиз, аввалги қасамингиздан кечиб кетаверишингиз билан) худди ўзи тўқиган нарсасини пишиқ-пухта бўлганидан сўнг парча-парча қилиб бузиб-чуватиб ташлаган хотинга ўхшаб қолмангиз! Албатта, Аллоҳ бу (аҳдга вафо қилишга буюриш) билан сизларни имтиҳон қилур ва албатта, Қиёмат Кунида сизларга ихтилоф қилиб ўтган нарсаларингизни баён қилиб берур.[9]

16:93 Агар Аллоҳ хоҳлаганида, албатта, сизларни бир уммат қилган бўлур эди. Лекин У зот Ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур, Ўзи хоҳлаган кишиларни (Тўғри Йўлга) ҳидоят қилур. Ва албатта, қилиб ўтган амалларингизга масъул бўлурсизлар.