Алоуддин Мансур — 275
16:73 Ва Аллоҳни қўйиб, улар учун осмонлар ва Ердан бирон нарсани ризқ қилиб бера олмайдиган, ҳеч нарсага қодир бўлмайдиган бутларга ибодат қилурларми?!
16:74 Бас, Аллоҳнинг ўхшашини қидирманглар! (У зотнинг мисли — ўхшаши йўқдир.) Албатта Аллоҳ (барча нарсани) билур, сизлар (ҳеч нарсани) билмассиз.
16:75 Аллоҳ бундоқ бир мисол келтирур: ҳеч нарсага кучи етмайдиган эгалик (бировга қарам) қул билан Биз Ўз тарафимиздан чиройли мўл ризқ бериб, ўша ризқдан яширин ё ошкора инфоқ-эҳсон қилаётган (эркин) бир киши баробар бўлурми? (Бас, нега мушриклар қулга ўхшаган жонсиз бутларни бутун коинотнинг эгаси бўлган ва уни Ўзи хоҳлаганидек тасарруф қиладиган Аллоҳ таолога тенг шерик деб биладилар?!) Ҳамду сано Аллоҳникидир (яъни, Ўша зотгина ҳамду санога ва маъбудликка лойиқдир). Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар.
16:76 Аллоҳ яна икки киши ҳақида мисол келтирур: улардан бири ҳеч нарсага кучи етмайдиган гунг-соқовдир. У эгасига ортиқча юк бўлиб (эгаси) қаерга жўнатса, бирон яхшилик-фойда келтирмайди. Ўша кимса билан ўзи Тўғри Йўлда бўлган ҳолда, (ўзгаларни ҳам) адолат-ҳақиқатга буюрадиган киши баробар бўлурми?! (Ҳеч қачон баробар бўлмас. У ҳолда нега мушриклар гунг-соқов бутларни бутун оламни Тўғри Йўлга юришга буюрадиган Аллоҳ таолога тенг — шерик деб биладилар?!)
16:77 Осмонлар ва Ердаги ғайб — сирларни (билиш) Аллоҳга хосдир. Соат — Қиёмат амри (яъни, Қиёматнинг қойим бўлиши) кўз очиб юмгунча ё ундан-да тездир. Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
16:78 Аллоҳ сизларни оналарингиз қорнидан бирон нарса билмаган ҳолингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга кулоқ, кўзлар ва дилларни берди.
16:79 Осмони фалакда (учиш учун) бўйинсундирилган қушларга боқмайдиларми?! Уларни ёлғиз Аллоҳ ушлаб турибди-ку! Албатта, бу ишда иймон келтирадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.