Алоуддин Мансур — 274
16:65 Аллоҳ осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, унинг ёрдамида ўлик ерни тирилтирди. Албатта, бу ишда (ваъз насиҳатга) қулоқ тутадиган қавм учун оят-ибрат бордир.
16:66 Дарвоқеъ, сизлар учун чорва ҳайвонларида ҳам бир ибрат бордир. Биз сизларни уларнинг қоринларидаги нажосат ва қон ораларидан ичувчилар учун ўтимли таъмли бўлиб чиққан нарса — тоза сут билан суғорурмиз.
16:67 Сизлар маст қилгувчи (ароқни) ҳам, гўзал — ҳалол ризқ(нинг ўзини) ҳам хурмо ва узумларнинг меваларидан олурсизлар. Албатта, бунда ҳам ақл юритадиган қавм учун оят-ибрат бордир.[8]
16:68 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Парвардигорингиз асаларига ваҳий — амр қилди: «Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) қурадиган инларга уя солгин.
16:69 Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигоринг (сен учун) осон-қулай қилиб қўйган йўллардан юргин!» Унинг қорнидан одамлар учун шифо бўлган алвон рангли ичимлик-асал чиқур. Албатта, бу ишда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир.
16:70 Сизларни Аллоҳ яратгандир. Сўнгра жонингизни ҳам Унинг Ўзи олур. Сизларнинг орангизда (ёшликдаги гўзал-тотли ҳаётдан кексалик пайтидаги) энг тубан кун кўришга (яъни, ўз-ўзини бошқара олмайдиган ҳолатга) қайтарилиб, илгари билган нарсаларининг барчасини унутиб юборадиган кишилар ҳам бордир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва қудратлидир.
16:71 Аллоҳ айримларингиздан айримларингизни ризқда устун қилиб қўйди. Бас, бу (ризқда) устун қилинган кишилар ўзларининг ризқларини қўл остидаги қулларига қайтариб (бой-камбағалликда) барчалари баробар бўлиб олмайдилар-ку! (Шундай бўлгач, қандоқ қилиб барчага ризқу рўз ато этгувчи Аллоҳ таолога қўлидан ҳеч иш келмайдиган бутларни баробар қиладилар?!) Аллоҳнинг неъматини инкор қилурларми?! (Яъни, Яратганнинг Ўзи ато этган ризқу рўзни инкор қилишиб, бу неъматларни ўша жонсиз бутлар берган, деб ўйлайдиларми?!)
16:72 Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун болалар, набиралар пайдо қилди ва сизларни ҳалол-пок ризқлардан баҳраманд этди. Бас, улар ботил бутларга иймон келтириб, Аллоҳнинг неъматига кофир бўлурларми?!