Алоуддин Мансур — 273
16:55 Биз уларга ато этган нарсаларга куфрони неъмат қилишиб, (Парвардигорларига ширк келтирурлар). Бас, (эй мушриклар, тўрт кунлик дунёда Биз берган неъматлардан) фойдаланиб қолинглар. Яқинда, (яъни, Қиёмат Кунида бу ширкларингизнинг оқибатини) билурсизлар.
16:56 Улар Биз ризқ қилиб берган нарсалардан ўзлари билмайдиган (яъни, жоҳилликлари, билимсизликлари сабабли худо деб ўйлаган) бутлари учун насиба ажратурлар. (Эй мушриклар), Аллоҳ номига қасамки, албатта сизлар ўзларингиз тўқиб-бичиб олган бутларингиз тўғрисида (Қиёмат Кунида) масъул бўлурсизлар.
16:57 Улар: («Фаришталар Аллоҳнинг қизлари», дейишиб), у «қизлар»ни Аллоҳники қилишади — У зот (бу бўҳтондан) покдир — ўзларининг кўнгиллари тусаган нарсани (яъни, ўғилларни) эса ўзлариники (қилиб олишди).
16:58 Қачон бировларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзлари қорайиб кетар.
16:59 Ва у (қизни) хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг (яъни, қиз кўришнинг) «ёмон»лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ булингизким, улар (бу қилмишлари билан) энг ёмон (яъни, ноҳақ) ҳукм чиқарурлар.[7]
16:60 Охиратга иймон келтирмайдиган кимсалар энг ёмон сифат эгаларидир. Аллоҳ эса энг юксак хислатлар Соҳибидир. У қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.
16:61 Агар Аллоҳ одамларни (улар қилган ҳар қандай) зулм-зўравонликлари билан ушлаганида (азоблаганида) Ер юзида бирон жониворни қўймаган бўлур эди. Лекин У зот уларни маълум муддатгача қўйиб қўяр. Бас, қачон уларнинг ажаллари етиб келганида эса уни бирон соат кетга ҳам сура олмайдилар, муқаддам ҳам қила олмайдилар.
16:62 Улар ўзлари ёмон кўрадиган нарсаларни (яъни, қиз болаларни) Аллоҳники дейишиб, яна (уларнинг) тиллари ўзлари учун чиройли мукофот — жаннат бўлиши ҳақида ёлғон сўзларни сўзлайди. Шак-шубҳа йўқки, улар дўзах эгаларидир ва албатта, улар (дўзахга) биринчилар (қаторида ташланурлар).
16:63 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Аллоҳ номига қасамки, дарҳақиқат, Биз сиздан илгари ўтган умматларга ҳам пайғамбарлар юборганимизда, шайтон уларга ҳам ўзларининг (қабиҳ) амалларини чиройли қилиб кўрсатган эди. Чунки у бугун (бу дунёда) уларнинг «дўсти»дир. (Охиратда эса) улар учун аламли азоб бордир.
16:64 Биз сизга иймон келтирган қавм учун ҳидоят ва раҳмат бўлган бу Китоб — Қуръонни фақат уларга ўзлари ихтилоф этаётган нарсаларни баён қилиб беришингиз учунгина нозил қилдик.