Алоуддин Мансур — 272
16:43 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сиздан (яъни, сизни пайғамбар қилиб юборишимиздан) илгари ҳам (фаришталарни эмас, балки) фақат (сиз каби) кишиларни — инсонларнигина Ўзимиз туширган ваҳий билан (пайғамбар қилиб) юборганмиз. (Эй мушриклар), агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмлардан (яъни, Таврот ва Инжилни биладиган кишилардан) сўранглар![4]
16:44 (Биз аввалги пайғамбарларни) очиқ ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани — Қуръонни нозил қилдик.
16:45 (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломни қатл этиш учун) энг ёмон макру ҳийлаларни қилган кимсалар ўзларини ер ютишидан ёки (уларга) сезмаган-кутмаган тарафларидан (Аллоҳнинг) азоби келиб қолишидан хотиржам бўлдиларми?!
16:46 Ёки сафар-саёҳатларда юрган чоғларида уларни (бало-офатлар) ушлаб, ҳеч қаёққа қочиб қутулолмай қолишларидан (қўрқмадиларми)?
16:47 Ёки (қилган макр-ҳийлаларининг оқибатидан ўзлари) қўрқиб-пусиб юрган пайтларида, уларни (Аллоҳнинг балоси) ушлаб қолишидан (қўрқмадиларми)?! Дарҳақиқат, Парвардигорингиз меҳрибон ва раҳмлидир.
16:48 Ахир улар Аллоҳ яратган барча нарсаларнинг соялари ўнгу сўлларига, Аллоҳга сажда қилган ҳолда эгилаётганини — улар (барчаси Аллоҳга) бўйинсунувчи эканликларини кўрмадиларми?!
16:49 Осмонлар ва Ердаги барча жониворлар ва фаришталар ҳам кибр-ҳаво қилмаган ҳолларида ёлғиз Аллоҳга сажда қилурлар.[5]
16:50 Улар устиларидаги (уларни кузатиб турган) Парвардигорларидан қўрқурлар ва фақат ўзларига амр этилган ишларнигина қилурлар.[6]
16:51 Аллоҳ: «Икки худога бандалик қилманглар! Фақат биргина илоҳ (яъни, ёлғиз Аллоҳ таологина) бордир, холос. Бас, Мендангина қўрқингиз!», деди.
16:52 Осмонлардаги ва Ердаги барча нарсалар Унинг мулкидир. Тоат-ибодат мудом ёлғиз Унга (бўлмоғи лозимдир). Аллоҳдан ўзгалардан (яъни, жонсиз бутлардан ёки ўзларингизга ўхшаган одамлардан) қўрқурмисизлар?!
16:53 Сизларга берилган барча ноз-неъматлар ёлғиз Аллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга (бирон) бало-мусибат етса ҳам фақат Унгагина илтижо қилурсизлар.
16:54 Сўнг, У зот сизлардан балони аритганида эса, баногоҳ сизларнинг орангиздан бир тўда чиқиб, Парвардигорларига ширк келтирурлар.