Алоуддин Мансур — 27
2:177 Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, Охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо қилиб, закотни берадиган киши яхши кишидир ва аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилгувчилар ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилгувчилар яхши кишилардир. Ана ўшалар чин иймонли кишилардир ва ана ўшалар асл тақводорлардир.
2:178 Эй мўминлар, сизларга ўлдирилган кишилар учун озод киши муқобилига озод кишидан, қул учун қулдан, аёл киши учун аёлдан қасос олиш фарз қилинди. Энди кимга биродари томонидан бир оз афв қилинса (яъни, қотилдан қасос олиш ўрнига товон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйинсуниш ва чиройли суратда товон тўлаш лозимдир. Бу (хукм) Парвардигорингиз томонидан енгиллик ва раҳм-шафқатдир. Бас, кимки шундан кейин ҳаддан ошса (масалан, товон тўлангандан кейин ҳам қотилни ўлдирса), унинг учун аламли азоб бордир.[29]
2:179 Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд (жиноятлардан) сақлансангизлар.[30]
2:180 Бировингизга ўлим келган пайтида (ўзидан кейин) мол-дунё қолдираётган бўлса, адолат — тўғрилик билан ота-онага, қариндош-уруғга васият қилиниши фарз этилди. Бундай васият қилиш Аллоҳдан қўрқувчилар устидаги бурчдир.[31]
2:181 Ким уни (васиятни) эшитганидан кейин ўзгартирса, гуноҳи фақат ўзгартирганларнинг бўйнида. Албатта, Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.