>

Алоуддин Мансур — 268

16:7 Шунингдек, улар сизлар жонларингизни қийнаб, зўр-базўр (машаққат билан) етадиган юртларга юкларингизни элтиб берур. Албатта, Парвардигорингиз меҳрибон ва раҳмлидир.

16:8 У зот яна сизлар минишингиз учун зийнат қилиб отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур.[3]

16:9 Тўғри Йўлга (ҳидоят қилиш) ёлғиз Аллоҳ измидадир. (Зотан, йўллар) орасида эгриси ҳам бордир. Агар (Аллоҳ) хоҳлаганида сизларнинг барчангизни (Тўғри Йўлга) ҳидоят қилган бўлур эди. (Лекин У зот сизларга қайси йўл тўғри ва қайси йўллар эгри эканини кўрсатиб, қай бир йўлни танлаш ихтиёрини ўзларингизга қўйиб берди ва ақл-идрок билан Тўғри Йўлни танлаб олган бахтли бандаларини Ўз хоҳиш-иродаси билан ўша Ҳақ Йўлга ҳидоят этишни ваъда қилди, эгри йўлларни танлаган кимсалар эса ҳар икки дунёда бахтсиз бўлиб, ўзларига зиён қилишлари тўғрисида хабар берди).

16:10 У осмондан сизлар учун ичимлик бўлган сувни ёғдирган Зотдир. Сизлар (ҳайвонларингизни) боқадиган дов-дарахтлар (ўт-ўланлар) ҳам ўша сувдан (ичар).

16:11 У зот сизлар учун ўша (сув) ёрдамида (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундириб-ўстирур. Албатта, бу нарсада (яъни, бир хил сув ёрдамида рангу рўйи, таъму лаззати бошқа-бошқа бўлган мева-чеваларнинг униб-ўсишида) тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир.

16:12 У зот сизлар (бекаму кўст ҳаёт кечиришингиз учун) кеча ва кундузни, қуёш ва ойни (бир тартибга солиб) бўйсундириб қўйди. (Барча) юлдуз — сайёралар ҳам Унинг амрига бўйинсундирилгандир. Албатта, бу нарсада ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.

16:13 Яна У зот сизлар учун Ерда яратиб қўйган ранго-ранг нарсаларни (яъни, ҳайвонот ва наботот оламини, ер ости ва ер усти бойликларини ҳам сизларга бўйинсундирди). Албатта, бу нарсада ибрат-эслатма оладиган қавм учун оят-ибрат бордир.

16:14 У сизлар янги гўшт (яъни, балиқ гўшти) ейишларингиз ва тақадиган тақинчоқлар чиқариб олишларингиз учун (сизларга) денгизни ҳам бўйинсундириб қўйган Зотдир. Сиз унда (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрурсиз. У зотнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) исташларингиз ва (берган неъматларига) шукр қилишингиз учун (сизларга денгизларни бўйинсундириб қўйди).