Алоуддин Мансур — 267
15:91 Қуръонни бўлак-бўлак қилиб олганларга (китобларни нозил қилганимиз каби сизга ҳам ушбу Қуръонни нозил қилдик).
15:92 Парвардигорингиз номига қасамки, албатта уларнинг барчасидан сўраймиз.
15:93 Қилиб ўтган иш — амаллари ҳақида (сўраймиз).
15:94 Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, Ҳак динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг!
15:95 Албатта, Биз Ўзимиз сизни масхара қилгувчиларни (яъни, уларни ҳалок этиш учун) кифоя қилурмиз.
15:96 Улар Аллоҳга яна бошқа «илоҳ»ларни (шерик) қилурлар. Бас, яқинда (Қиёмат Кунида бу қилмишларининг оқибатини) билиб олурлар.
15:97 Шак-шубҳасиз, Биз улар (сизни масхара қилиб) айтаётган сўзлардан дилингиз сиқилишини билурмиз.
15:98 Бас, сиз Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У зотни «шерик»лардан) покланг ва сажда қилгувчилардан бўлинг (шунда Аллоҳ дилингиздаги ғам-аламни кетказур!)
15:99 (Шунингдек), то сизга аниқ нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!
16:1 Аллоҳнинг фармони (яъни, Қиёмат) келиб қолди. Бас, сизлар (эй мушриклар), уни шоштирмай қўя қолинглар. (Аллоҳ) уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир.[1]
16:2 (Аллоҳ) Ўз амри-иродаси билан Ўзи хоҳлаган бандаларига фаришталарни (шундай) ваҳий билан туширур: («Эй пайғамбарларим, инсонларни) огоҳлантирингларки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Мен Ўзимгина бордирман. Бас, (барчаларингиз) Мендангина қўрқингиз!»
16:3 У осмонлар ва Ерни ҳақ (қонун) билан яратди. У (мушрикларнинг) ширкларидан юксакдир.
16:4 У инсонни нутфадан — бир томчи сувдан яратган эди. Баногоҳ (инсон) очиқдан-очиқ рақибга айланиб олди.[2]
16:5 У зот яна сизлар учун иссиқ кийим ва (турли) манфаатлар бўлсин, деб чорва молларини ҳам яратдики, сизларнинг таом-озуқаларингиз улардан бўлур.
16:6 Яна сизлар учун улар кечқурун ўтлоқдан қайтаётган ва тонгда ўтлоққа кетаётган пайтида бир чирой — файз бордир.