Алоуддин Мансур — 266
15:71 У (Лут) деди: «Агар (шу ишни) қилгувчи бўлсангизлар, ана (қишлоғимиздаги) қизларим (туришибди, ўша қизларни никоҳларингизга олаверинглар)».
15:72 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ҳаётингизга қасамки, улар ўз мастликларида тентираб юрган ҳолларида,
15:73 (тўсатдан) тонг пайтида уларни даҳшатли қичқириқ тутди.
15:74 Биз у шаҳарни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг устига сополдан бўлган тош ёғдирдик.
15:75 Албатта, бу (ҳодиса)да фаросатли кишилар учун оят-ибратлар бордир.
15:76 Дарвоқеъ, у (шаҳар) доимий йўл устидадир (яъни, унинг нима сабабдан Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиб вайрон қилингани ҳақида тафаккур қилмайдиларми?!)
15:77 Албатта, бунда мўминлар учун оят-ибрат бордир.
15:78 Шубҳасиз, дарахтзор эгалари (яъни, Шуъайб пайғамбарнинг қавми золим (кофир) бўлганлари аниқдир.
15:79 Бас, Биз улардан интиқом олдик. Дарвоқеъ, уларнинг (яъни, Лут қавмининг шаҳри ва Шуъайб қавмининг шаҳри) иккиси ҳам очиқ йўл устидадир. (Яъни, уларни кўриб ибрат олмайсизларми?)
15:80 Аниқки, Ҳижр (водий) эгалари (Самуд оиласи) ҳам пайғамбарларни (яъни, Солиҳ алайҳиссаломни) ёлғончи қилгандирлар.
15:81 Биз уларга Ўз оят-мўъжизаларимизни ато этган эдик, улар бу оятлардан юз ўгирувчи бўлдилар.
15:82 (Шундан сўнг) улар тинч-омонликда (гўё ҳеч қачон ўлмайдигандек) тоғларидан уйлар йўниб юрганларида,
15:83 уларни тонг чоғида даҳшатли қичқириқ тутди.
15:84 Сўнгра уларга қилган нарсалари (яъни, тош қалъалари) бирон фойда бермади.
15:85 Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги нарсаларни фақат Ҳақ (қонун-қоида) билан яратдик. Соат — Қиёмат ҳам, шак-шубҳасиз, келгувчидир. Бас (шундай экан, эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, сиз жоҳил — кимсаларнинг етказаётган озор-азиятларига сабр-тоқат қилинг ва улардан) чиройли юз ўгириш билан юз ўгиринг![6]
15:86 Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзигина яратгувчи, билгувчидир.
15:87 Дарҳақиқат, Биз сизга етти такрорланувчини (яъни, етти оятдан иборат бўлган, ҳар бир ракаат намозда такрорланадиган «Фотиҳа» сурасини) ва Улуғ Қуръонни ато этдик.
15:88 Сиз кўзларингизни Биз у (кофирлардан айрим) тоифаларни баҳраманд қилган нарсаларга (яъни, уларнинг молу давлат, шаъну шавкатларига) тикманг! Уларнинг (иймонсизликлари) устида ғамгин ҳам бўлманг! Мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни, мудом камтар-тавозуъли бўлинг!)
15:89 Ва (иймонсиз кимсаларга айтинг: «Албатта мен (сизларга Аллоҳнинг азоби тушишидан) очиқ-ошкор огоҳлантиргувчиман».
15:90 Худди тақсимловчиларга (яъни, Қуръоннинг айрим оятлари ўзларининг истак-хоҳишларига тўғри келиб қолса, унга иймон келтириб, айрим оятларини эса ҳавои хоҳишларига тўғри келмагани учун инкор этадиган яҳудий ва насронийларга илгари Таврот ва Инжил китобларини) нозил қилганимиз каби (сизга ҳам ушбу Қуръонни нозил қилдик).