>

Алоуддин Мансур — 264

15:32 (Шунда Аллоҳ) деди: «Эй Иблис, нечун сен сажда қилгувчилар билан бирга эмассан?»

15:33 У айтди: «Мен (асли) қора ботқоқдан бўлиб, (одам сурати берилгач) қуритилган лойдан Сен яратган Одамга сажда қилгувчи эмасман».

15:34 (Аллоҳ) деди: «Бас, ундан (яъни, жаннатдан) чиқ! Энди сен, шак-шубҳасиз, (Менинг даргоҳимдан) қувилган — малъунсан.

15:35 Ва албатта, то жазо (Қиёмат) кунигача сенга (барчанинг) лаънати бўлур».

15:36 (Иблис илтижо қилиб) деди: «Парвардигорим, у ҳолда менга улар қайта тириладиган кунгача (ўлмасдан яшаш учун) муҳлат бергин».

15:37 (Аллоҳ) деди: «Бас, сен муҳлат берилганлардансан.

15:38 Маълум вақтда (етиб келадиган) Кунгача (Қиёматгача) (муҳлат берилганлардансан)».

15:39 (Иблис) айтди: «Парвардигорим, қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли албатта, уларга (Одам болаларига) Ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман.

15:40 Магар уларнинг орасидаги покиза бандаларинггина (Ҳақ Йўлдан озмай қолурлар)».

15:41 (Аллоҳ) деди: «Менинг зиммамдаги Тўғри Йўл будир:

15:42 Аниқки, Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат — ҳукмронлик йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳ кимсаларнигина (бу Тўғри Йўлдан оздира олурсан)».

15:43 У кимсаларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой, шак-шубҳасиз, жаҳаннамдир.

15:44 Унинг етти дарвозаси бўлиб, ҳар бир дарвозадан уларнинг бир тўдаси кирур.

15:45 Тақводор — парҳезкор зотлар эса, албатта, боғлар ва чашмалар устидадирлар.

15:46 (У зотларга: «Жаннатлар)га тинчлик билан соғ-омон киринглар», (дейилур).

15:47 Биз (жаннатлардаги) сўриларда дўст-биродар бўлиб, бир-бирларига рўбарў ўтирган зотларнинг дилларидаги ҳар қандай гина-кудуратларни чиқариб ташладик.

15:48 У жойда уларга бирон чарчоқ етмас ва улар у жойдан чиқарилгувчи ҳам эмаслар!

15:49 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), бандаларимга ёлғиз Менинг Ўзимгина мағфиратли, меҳрибон эканлигимни;

15:50 Ва Менинг азобим энг аламли азоб эканлигини хабар қилинг!

15:51 Яна уларга Иброҳимнинг меҳмонлари ҳақида хабар беринг!