Алоуддин Мансур — 262
15:1 Алиф, Лом, Ро. Ушбу (оятлар) Китобнинг — очиқ Қуръоннинг оятларидир.
15:2 Ҳали (Қиёмат Куни) кофир бўлган кимсалар мусулмон бўлишни истаб қолурлар.
15:3 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), уларни қўяверинг, еб-ичиб, фойдаланиб қолсинлар, орзу-ҳавасларига машғул бўлаверсинлар. Бас, яқинда (бу қилмишларининг оқибати нима бўлишини) билиб олурлар.
15:4 Биз бирон шаҳарни (яъни, унинг аҳолисини) ҳалок қилган эмасмиз, магар унинг учун аниқ муддат бўлгандир (яъни, ўша муддати — ажали битгандан сўнггина ҳалок қилганмиз.
15:5 Бирон авлод ўз ажалидан илгари кета олмайди. Шунингдек, (ундан) ортда ҳам қола олмайди.
15:6 Улар (яъни, Макка кофирлари Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломни масхара қилишиб): «Эй (ўзига) эслатма — Куръон нозил килинган (деб даъво қилаётган) киши, дарҳақиқат, сен мажнунсан.
15:7 Агар («Мен Аллоҳнинг пайғамбариман», деган даъвоингда) ростгўйлардан бўлсанг, бизга (сўзларингни тасдиқлайдиган) фаришталарни келтиргин-чи», дедилар.
15:8 Биз эса фаришталарни фақатгина (кофирлар зиммасига) ҳақ (бўлган азоб) билан туширурмиз ва бу ҳолда уларга (кофирларга) қараб турилмас (яъни, улар дарҳол ҳалоқ қилинурлар).
15:9 Албатта, бу эслатмани (яъни, Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз.[1]
15:10 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), аниқки, Биз сиздан илгари ўтган, аввалги (турли-туман) тоифаларга ҳам (пайғамбарлар) юборганмиз.
15:11 Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб кулган эдилар.
15:12 Шунингдек, уни (яъни, пайғамбарлар устидан кулиш иллатини) барча жиноятчи — осийларнинг дилларига солиб қўюрмиз.
15:13 Улар унга (Қуръонга) иймон келтирмайдилар. Ҳолбуки, аввалгиларнинг суннатлари — ибратлари ўтгандир (яъни, аввалги кофирлик билан ўтган кимсаларнинг оқибатлари нима бўлгани маълумдир).
15:14 Агар Биз уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсаг-у, ундан (осмонга) кўтарила бошласалар ҳам,[2]
15:15 албатта улар: «Шак-шубҳасиз, бизларнинг кўзларимиз боғланиб қолди, балки бизлар сеҳрланиб қолган кишилардирмиз», деган бўлур эдилар.