Алоуддин Мансур — 261
14:43 (У куни) улар бошларини (осмонга) кўтарган ҳолларида (чорланган томонгга хисоб-китоб учун) чопурлар. Кўзлари ўзларига қайтмайди (яъни, қўрқувдан қотиб қолиб, ўзларининг қандай ҳолда эканликларини ҳам кўрмайдилар). Диллари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур.
14:44 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), одамларни огоҳлантириб қўйингки, уларга азоб келар кунда (Қиёматда) золим кимсалар: «Парвардигоро, бизларга озгина муҳлат бергин, (яъни, бизларни дунёга қайтариб, озгина ҳаёт бергин, албатта) Сенинг даъватингни қабул қилурмиз ва пайғамбарларингга эргашурмиз», дейдилар. (Шунда уларга жавоб қилинур): «Илгари (ҳаёт пайтларингизда) ҳеч қачон заволга юз тутмаслигингиз (яъни, ҳеч қачон ўлмаслигингиз ва Охират жазосига дучор бўлмаслигингиз) ҳақида қасам ичмаган эдингизларми?!
14:45 (Ахир) сизлар ўзларига зулм қилган кимсаларнинг масканларига (улар заволга юз тутганларидан кейин) жойлашган эдингизлар. Уларни қандай (ҳалок) қилганимиз ҳам сизларга аниқ маълум эди. Биз сизлар учун (қанчадан-қанча) мисоллар келтирган эдик (лекин сизлар бу кўрган билганларингиздан ибрат олмадингиз, ҳақ йўлга юрмадингиз)».
14:46 Дарҳақиқат, улар (яъни, Макка мушриклари) ўзларининг макр-ҳийлаларини қилдилар. (Лекин) агар уларнинг макрлари сабабли тоғлар емирилиб кетадиган бўлса-да, уларнинг (бу) макр-ҳийлалари Аллоҳ ҳузурида (маълумдир).[5]
14:47 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз ҳаргиз Аллоҳни ўз пайғамбарларига берган («Биз албатта пайғамбарларимизни ғолиб қилурмиз», деган) ваъдасига хилоф қилувчи, деб ўйламанг. Албатта, Аллоҳ интиқом олувчи ғолибдир.
14:48 Албатта, Аллоҳ Ер бошқа Ерга, осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар) ёлғиз ва қудратли Аллоҳга рубарў бўладиган Кунда (Қиёматда интиқом олгувчидир).
14:49 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), у кунда жиноятчи кимсаларни кишанлар билан боғланган ҳолларида кўрурсиз.
14:50 Уларнинг кийимлари қора мойдан бўлиб, юзларини олов ўраб олур.
14:51 Аллоҳ ҳар бир жонга қилган ишига яраша жазо бериш учун (мана шундай қайта тирилтирур). Албатта, Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчидир.
14:52 (Қуръон) одамлар огоҳлантирилишлари ва (Аллоҳ) ягона илоҳ эканини билишлари ҳамда ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун (Аллоҳ тарафидан нозил қилинган) бир баёнот — хабардир.