Алоуддин Мансур — 260
14:34 Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар. Ҳақиқатан, инсон зоти ўта золим ва жуда ношукрдир.
14:35 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), эсланг, Иброҳим айтган эди: «Парвардигорим, бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч шаҳар қилгин, мени ва болаларимни бутларга бандалик қилишдан йироқ қилгин.
14:36 Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (яъни, менинг динимдадир). Ким менга исён қилса, яна Ўзинг мағфиратли, меҳрибонсан (яъни, ундай кимсаларни ҳам ҳақ йўлга ҳидоят қилишга қодирсан).
14:37 Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (бир бўлагини — ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Парвардигоро, (улар) намозни тўкис адо қилсинлар деб (шундай қилдим). Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгил ва уларни (барча) мевалардан баҳраманд этгил. Шояд шукр қилсалар.[4]
14:38 Парвардигоро, албатта Сен бизлар яширган нарсани ҳам, ошкор қилган нарсани ҳам билурсан, Аллоҳ учун Еру осмондаги бирон нарса махфий эмасдир.
14:39 Менга кексалик пайтимда Исмоил ва Исҳоқни ҳадя қилган зот — Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Албатта, Парвардигорим (барча) дуоларни эшитгувчидир.
14:40 Парвардигорим, мени ва зурриётимдан (бўлган болаларимни) намозни тўкис адо этгувчи қилгил. Парвардигоро, дуоимни қабул айла.
14:41 Парвардигоро, ҳисоб-китоб қилинадиган (Қиёмат) куни мени, ота-онамни ва барча мўминларни мағфират қилгил.
14:42 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил», деб ўйламанг! Фақат Аллоҳ уларни(нг жазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли Қиёмат) кунига қолдирмоқда, холос.