Алоуддин Мансур — 26
2:170 Қачон (мушрикларга): «Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунингиз», дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади. Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, Тўғри Йўлни тополмайдиган бўлсалар, ҳам-а?
2:171 Куфр йўлидаги кимсаларни (ҳақ йўлга даъват қилувчи кишининг) мисоли худди фақат овоз ва чақириқни эшитадиган ҳайвонларга қичқираётган кишининг мисолидир. Улар кар, соқов, кўрдирлар. Демак, тушунмайдилар.[26]
2:172 Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз — покиза нарсалардан енглар ва агар Аллоҳнинг Ўзигагана ибодат қилгувчи бўлсангизлар, У зотга шукр қилингиз!
2:173 У сизларга фақатгина ўлакса, қонни, тўнғиз гўштини ва Аллоҳдан ўзгага аталиб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди. Энди кимки золим бўлмаган ва ҳаддан ошмаган ҳолида ночор вазиятда қолса, гуноҳкор бўлмайди. Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир.[27]
2:174 Аллоҳ нозил қилган Китоб (Таврот)дан (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломнинг пайғамбарлигига доир) бўлган нарсани яширадиган ва уни озгина қийматга сотадиган кимсалар, ана ўшалар қоринларини фақат олов билан тўлдирадилар, Қиёмат Кунида Аллоҳ уларга гапирмайди, боқмайди ва уларни (гуноҳларидан) покламайди. Улар учун аламли азоб бордир.
2:175 Ана ўшалар ҳидоят ўрнига залолатни, мағфират ўрнига азобни сотиб олган кимсалардир. Жаҳаннам ўтига мунча сабр-тоқатли эканлар-а?
2:176 Ўша (азоб) Аллоҳ бу Китоб (Таврот)ни ҳақ билан нозил қилгани сабаблидир. Албатта, бу Китоб хусусида талашиб-тортишадиган кимсалар мангу талашдадирлар (яъни, улар ҳеч қачон ҳақ билан келиша олмайдилар).[28]