>

Алоуддин Мансур — 259

14:25 (У) Парвардигорининг изни-иродаси билан мудом мева берур. Аллоҳ одамлар эслатма-ибрат олишлари учун мана шундай мисоллар келтирур.

14:26 Ёмон сўзнинг (яъни, куфр сўзнинг) мисоли эса ердан (илдизи) узилиб қолган, бир жойда (ўрнашиб) қўним топмайдиган нопок дарахтга ўхшар.

14:27 Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам устивор Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур. Золимларни эса Аллоҳ (ҳақ) йўлдан оздирур. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур.

14:28 (Эй инсон), Аллоҳнинг неъматини (яъни, иймонни) куфрга алмаштириб юборган ва қавмларини (яъни, ўзининг ортидан эргашганларни) ҳалокат чоҳига қулатган кимсаларни кўрмадингми?!

14:29 Жаҳаннамга (қулатган кимсаларни кўрмадингми?!) Улар унга киражаклар. Нақадар ёмон жой у!

14:30 Улар (одамларни) Аллоҳ йўлидан оздириш учун У зотга «тенг»ларни (ўйлаб) топдилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Фойдаланиб қолинглар! Ҳеч шубҳа йўқки, оқибат борадиган жойингиз дўзахдир».

14:31 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), иймон келтирган бандаларимга айтинг, намозни тўкис адо қилсинлар ҳамда олди-сотди ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган Кун (Қиёмат) келиб қолишидан илгари Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қилсинлар.

14:32 Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўладиган меваларни чиқарган Зотдир. У Ўз амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйинсундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйинсундирди.

14:33 У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйинсундирди (яъни, сизлар яхши яшашингиз учун тартиб-интизомга солиб қўйди). Яна кеча ва кундузни сизлар учун бўйинсундирди.