Алоуддин Мансур — 258
14:19 (Эй инсон), Аллоҳ осмонлар ва Ерни ҳақ (қонун) билан яратиб қўйганини кўрмадингми?! Агар У зот хоҳласа сизларни кетказиб, (ўрнингизга ўзгаларни) янгитдан яратур.
14:20 Бу (иш) Аллоҳ учун қийин эмасдир.
14:21 (Қиёмат Кунида) барча (халойиқ) Аллоҳга рўбарў бўлиб, бечора (эргашувчи)лар мутакаббир кимсаларга (яъни, ўзларининг собиқ йўлбошчиларига): «Бизлар сизларга эргашган эдик, энди сизлар бизларни Аллоҳнинг бирон азобидан қутқара олурмисизлар?!» деганларида, улар айтдилар: «Агар Аллоҳ бизни (ҳақ йўлга) ҳидоят қилганида биз ҳам сизларни ҳидоят қилган бўлур эдик. (Энди эса) дод-вой қиламизми, сабр-қаноат қиламизми, биз учун баробардир — ҳеч қандай нажот йўқдир».
14:22 Қачонки, иш тугагач (яъни, жаннат аҳли жаннатга сазовор бўлиб, дўзахилар дўзахга ҳукм қилингач), шайтон деди: «Албатта, Аллоҳ сизларга ҳақ ваъда қилган эди. Мен эса (ёлғон) ваъдалар бериб, сизларни алдаган эдим. (Лекин) мен учун сизларнинг устингизда ҳеч қандай ҳукмронлик йўқ эди, илло мен сизларни (куфр йўлига) чақиришим биланоқ ўзингиз менга итоат этдингиз. Энди мени эмас, ўзларингизни маломат қилингиз. Мен сизларга ёрдам бера олмайман, сизлар ҳам менга ёрдам бергувчи эмассиз. Албатта, мен сизлар илгари (Аллоҳга) мени шерик қилганингизни инкор қилурман. Албатта, золимлар (яъни, кофирлар) учун аламли азоб бордир.
14:23 Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритилиб, Парвардигорларининг изни-иродаси билан у жойда мангу қолдилар. Уларнинг (жаннатдаги) салом-аликлари бир-бирларига тинчлик-омонлик тилашдир.[3]
14:24 (Эй инсон), Аллоҳ яхши сўзга (яъни, иймон калимасига) қандай мисол келтирганини кўргин: у сўз худди бир асил дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (ер остига) маҳкам ўрнашган, шохлари эса осмондадир.