>

Алоуддин Мансур — 254

13:35 Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (будир): унинг остидан дарёлар оқур, мевалари ва соялари боқийдир. Бу тақво-парҳез билан ўтган зотларнинг оқибат-келажагидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир.

13:36 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Китоб (Таврот, Инжил) ато этган кишилар Сизга нозил қилинган нарса (Қуръон) сабабли шодланадилар. (Яҳудий ва насронийлардан сизга қарши бўлган) тўдалар орасида унинг (Қуръоннинг) бир қисмини инкор қиладиган кимсалар ҳам бордир. (Уларга) айтинг: «Албатта, мен ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга ва Унга (бировни) шерик қилмасликка маъмурман (амр этилганман). Мен факат Ўша зотга (ибодат қилишга) даъват қилурман ва ёлғиз Унинг Ўзига қайтурман».[6]

13:37 Шунингдек, (яъни, илгари ўтган пайғамбарларимизга ўз тилларида ваҳий юборганимиз каби) Биз уни (Қуръонни) арабий ҳукм ҳолида нозил қилдик. Қасамки, агар сиз ўзингизга келган бу билимдан сўнг уларнинг ҳою ҳавасларига эргашсангиз, сиз учун Аллоҳ томонидан бирон дўст ҳам, сақловчи ҳам бўлмас.

13:38 Дарҳақиқат, сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга жуфтлар ва зурриётлар берганмиз. Бирон пайғамбар учун бирон оят-мўъжиза келтириш имкони бўлмаган, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (келтирганлар). Ҳар бир вақт учун (муносиб) китоб-ҳукм бордир.

13:39 Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани (яъни, ҳукмни) ўчирур ва (Ўзи хоҳлаган ҳукмни) устивор қилур. Асл Китоб (яъни, барча нарсаларнинг билими) Унинг даргоҳидадир.

13:40 Агар Биз сизга (кофирларга) ваъда қилган айрим нарсаларни (яъни, азобларимизни) кўрсатсак ҳам ёки сизни (уларни азоблашдан илгари) вафот қилдирсак ҳам, албатта, сизнинг зиммангизда (барибир ҳақ динни одамларга тўла) етказиш, Бизнинг зиммамизда эса ҳисоб-китоб қилиш бордир.

13:41 (Макка мушриклари) Биз уларнинг ерларига келиб уни атрофидан камайтираётганимизни (яъни, мусулмонлар қадам-бақадам фатҳ қилиб келаётганларини) кўрмадиларми? Аллоҳ ҳукм қилур — Унинг ҳукмини текширувчи бўлмас. У тез ҳисоб-китоб қилгувчидир.

13:42 Улардан илгари ўтган кимсалар ҳам (ўзларининг пайғамбарларига қарши турли) макр-ҳийлалар қилганлар. Аммо барча макр-ҳийлалар Аллоҳнинг (илкидадир. Демак, Ўша зотдан амр бўлмаса, бирон макр фойда - зарар етказа олмайди). У зот ҳар бир жоннинг қилаётган ишини билур. Яқинда кофирлар Охират диёри кимники эканини билиб олажаклар.