Алоуддин Мансур — 252
13:19 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ахир сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса аниқ ҳақиқат эканини биладиган — иймон келтирадиган киши (кўнгил кўзи) кўр кимсага ўхшайдими? Ақл эгаларигина эслатма олурлар.
13:20 Улар фақат Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва мийсоқ — ваъдаларини бузмайдиган зотлардир.
13:21 Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни, қариндош-уруғлар билан алоқани) боғлайдилар. Парвардигорларидан қўрқадилар, ҳисоб-китобга дучор бўлишдан қўрқиб, (доим чиройли амаллар қилишга интиладилар).
13:22 Парвардигорларининг Юзини кўзлаб (меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб намозларини тўкис адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қилган ҳамда ёмонликни яхшилик билан қайтарадиган зотлар — ана ўшалар учун Охират диёри бордир.
13:23 (У диёр) абадий туриладиган жаннатлар бўлиб, улар у жойларга, ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат бўлган солиҳ бандалар билан бирга кирурлар. Сўнг уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб (дерлар):
13:24 «(Аллоҳ йулида меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу жаннатларда) сизларга тинчлик-осойишталик бўлгай. Бу Охират диёри нақадар яхши!»
13:25 Аллоҳга берган аҳд-паймонларини мустаҳкам бўлганидан кейин бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳнинг) лаънати бўлур ва улар учун энг ёмон диёр — жаҳаннам бордир.
13:26 Аллоҳ, Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур (ва Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. (Мушриклар) мана шу ҳаёти дунё билан шод-хуррам бўлдилар, ҳолбуки бу ҳаёти дунё Охират олдида фақат бир арзимас матодир.
13:27 Куфр йўлини тутган кимсалар: «Унга (Муҳаммадга) Парвардигори томонидан бирон оят-мўъжиза нозил қилинса эди», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга) айтинг: «Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни гумроҳ қилур ва (Аллоҳга) ижобат-тавба қилган кишиларни Ўз (динига) ҳидоят қилур».
13:28 Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳни зикр қилиш — эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур.