Алоуддин Мансур — 251
13:14 Ҳақиқий дуо-илтижо фақат Унга қилинур. Ундан ўзга (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган бутлар у мушрикларнинг биронта дуосини мустажоб қилмас. Илло улар бир кимсага ўхшайдиларки, у кимса кафтларини сувга ёзиб, у сув оғзига етишини кутиб турар. Ҳолбуки, у (сув) унинг оғзига етгувчи эмасдир. (Яъни, худди сув жонсиз нарса бўлгани туфайли ташна кишининг ҳолидан бехабар бўлиши, бинобарин, унинг оғзига бориб етмагани каби у мушриклар дуо-илтижо қиладиган бутлари ҳам жонсиз нарса бўлганлари сабабли уларнинг дуоларини эшитмас — мустажоб қилмас.) Бундай кофирларнинг дуолари мутлақо хато — бефойдадир.
13:15 Осмонлар ва Ердаги барча жонзот ва уларнинг соялари хоҳ истасинлар, хоҳ истамасинлар, эрта-ю кеч фақат Аллоҳгагина сажда қиладилар — бўйсунадилар.[4]
13:16 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) айтинг (қавмингиздан сўранг: «Осмонлар ва Ернинг Парвардигори ким?» «Аллоҳ», деб жавоб қилинг (чунки, улар бундан бошқа жавоб топа олмайдилар. Улардан): «Бас, Ўша (Аллоҳни қўйиб, (ўзгалар эмас, ҳатто) ўзларига ҳам фойда-зиён етказишга қодир бўлмайдиган бутларни ушлаб олдингизми?», деб сўранг. Яна айтингки, «Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳақ йўлга ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?» Ё улар Аллоҳ яратгани каби ярата оладиган бутларни У зотга шерик қилишиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсаларни (Аллоҳ яратганми ёки сиғинаётган бутлари яратганми) номаълум бўлиб қолдими? Айтинг: «Аллоҳ барча нарсани яратгувчидир ва У танҳо ғолибдир».
13:17 (Аллоҳ) осмондан, сув (ёмғир) ёғдирганида жилғалар тўлиб-тошиб оқиб, бу сел ўз устида кўпикларни ҳам кўтариб келур. (Одамлар) зеб-зийнат ёки асбоб-ускуна ясаш учун ўтда эритадиган нарса-маъданлардан ҳам шунга ўхшаш кўпик (чиқинди пайдо) бўлур. Аллоҳ ҳақ билан ботилни мана шундай (мисол билан) баён қилур. Энди у кўпик-чиқинди ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетур. Одамларга фойдали бўлган нарса эса Ер юзида қолур. Аллоҳ мисолларни мана шундай баён қилур.
13:18 Парвардигорларига итоат этган зотлар учун гўзал мукофот — жаннат бордир. У зотга итоат қилмаган кимсалар эса агар Ердаги бор молу-давлат (яна) икки баробар (кўпайиб) уларнинг ўзлариники бўлса, албатта уни (Аллоҳнинг азобидан қутулиш учун) фидо қилган бўлур эдилар. Улар учун энг ёмон ҳисоб-китоб бўлур. Уларнинг жойлари жаҳаннамдир. Нақадар ёмон жой у!