Алоуддин Мансур — 250
13:6 Улар сиздан яхшилик — Аллоҳнинг раҳматидан аввал ёмонлик — Аллоҳнинг азоби келишини талаб қиладилар. Улардан илгари ҳам бундай мисоллар (Аллоҳнинг азобига дучор бўлганлар) ўтгандир. Албатта, Парвардигорингиз одамлар ўзларига зулм қилгувчи бўлган ҳолларида ҳам мағфират Эгасидир. Албатта, Парвардигорингиз азоби қаттиқ Зотдир.[2]
13:7 Кофир бўлган кимсалар: «Унга (Муҳаммадга) Парвардигори томонидан бирон оят-мўъжиза нозил қилинса эди», дейдилар. Сиз фақат (кофирларни Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиргувчидирсиз. Ҳар бир қавм учун (Аллоҳ йўлига) етакловчи — ҳидоят қилгувчи бордир.
13:8 Фақат Аллоҳгина ҳар бир аёлнинг кўтариб юрган ҳомиласини (ўғилми-қизми, расоми-норасоми, чиройлими-хунукми эканини) ҳам, бачадонлар (муддатидан илгари) ташлайдиган болани ҳам, (тўққиз ойдан) ортиқроқ туриб қоладиган болани ҳам билур. У Зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир.
13:9 У ғайбу шаҳодатни (яъни, махфий ва ошкора барча нарсани) билгувчи буюк ва юксак Зотдир.
13:10 Сизларнинг орангиздаги ўз гапини яширган киши ҳам, уни ошкора қилган киши ҳам, кеча қоронғусида яширинувчи ҳам, кундузи очиқ-ошкора юрувчи ҳам (У зот учун) баробардир.
13:11 Унинг (яъни, ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар. Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас. Қачон Аллоҳ бирон қавмга ёмонлик — бало юборишни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас. Ва улар учун Ундан ўзга ҳоким йўқдир.[3]
13:12 (Эй одамлар, Аллоҳ) сизларга (момақалдироқдан) қўрққан ва (ёмғир ёғишидан) умидвор бўлган ҳолингизда чақмоқни кўргизадиган ва вазмин булутларни пайдо қиладиган Зотдир.
13:13 Момақалдироқ ҳам У зотга (Аллоҳга) ҳамду сано билан тасбеҳ айтур. Фаришталар ҳам У зотдан қўрққанлари сабабли (тасбеҳ айтурлар). У зот чақмоқлар юбориб, улар билан Ўзи хоҳлаган кимсаларни — у кимсалар Аллоҳ хусусида талашиб-тортишиб турган ҳолларида, урар. У (ушлаган вақтида) қаттиқ ушловчи Зотдир.