Алоуддин Мансур — 25
2:164 Албатта осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, денгизда одамларга керакли нарсаларни олиб юрган кемаларнинг (сузишида) ва Аллоҳ осмондан туширган ва у сабабли ўлик Ерни тирилтириб, бор жонзотни тарқатиб-ёйиб юборган — сув деган неъматда ва шамолларнинг йўналтирилишида, осмон ва Ер орасидаги итоатгўй булутда — (буларнинг ҳаммасида) ақлли кишилар учун оят-аломатлар бордир.
2:165 Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар. Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир. Бундай золимлар азобга рўбарў бўладиган замонларида (Қиёмат Кунида) бутун куч-қудрат Аллоҳники бўлишини ва Аллоҳнинг азоби қаттиқ азоб эканини билсалар эди.[25]
2:166 У кунда пешволар эргашувчилардан тонадилар ва ҳаммалари азобни (кўзлари билан) кўрадилар. (У кунда уларни боғлаб турадиган) баҳонаю сабаблар узилади.
2:167 Эргашувчилар: «Қанийди, яна бир карра (яшашнинг) иложи бўлса-ю, улар биздан тонганларидек, биз ҳам улардан тонсак», дейдилар. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло уларнинг қилган амалларини ўзларига ҳасрат-надомат қилиб кўрсатади ва улар жаҳаннамдан чиқувчи бўлмайдилар.
2:168 Эй одамлар, Ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир.
2:169 У сизларни фақат ёмонлик ва бузуқликка ва Аллоҳ шаънида билмаган нарсаларингизни гапиришга буюради, холос.