>

Алоуддин Мансур — 248

12:104 Сиз улардан бу (даъватингиз) учун бирон ажр-ҳақ сўрамайсиз. Бу (Қуръон) фақатгина барча оламлар учун бир эслатмадир, холос.

12:105 Осмонлар ва Ерда (Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига далолат қилгувчи) қанчадан-қанча оят-аломатлар бордир. (Лекин) улар бу оятлардан юз ўгирган ҳолларида ўтиб кетаверадилар.

12:106 Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар.[11]

12:107 Ёки улар Аллоҳнинг азобидан бирон бало-офат келиб қолишидан ё тўсатдан улар сезмаган ҳолларида Қиёмат қойим бўлишидан хотиржаммилар?!

12:108 Айтинг: «Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга — ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман».

12:109 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сиздан илгари ҳам фақат шаҳар аҳлларидан бўлган (фаришталарни эмас) кишиларни пайғамбар қилиб, уларга ваҳий юборганмиз. Ахир (одамлар) Ер юзида сайру-саёҳат этишиб, ўзларидан аввалги (иймонсиз) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими? (Аллоҳдан) қўрққан зотлар учун, Охират диёри (бу фоний дунёдан) яхшироқдир. Ақл юргизмайсизларми?!

12:110 Ҳар қачон пайғамбарларимиз ноумид бўлиб: «Бизлар ёлғончи қилиндик — пайғамбар эканлигимизга ишонмадилар», деб ўйлай бошлаганларида, уларга Бизнинг мададимиз — ғалабамиз келиб, Биз ҳоҳлаган кишиларга нажот берилар эди. (Аммо) жиноятчи бўлган қавмдан бизнинг азобимиз қайтарилмас!

12:111 Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки ўзидан аввалги нарсаларни (яъни, самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга иймон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир Китобдир).