Алоуддин Мансур — 244
12:70 Бас, қачонки уларнинг ҳожатларини равон қилгач, инисининг юки орасига (билдирмай) бир қадаҳни солиб қўйди. Сўнгра эса жарчи: «Эй карвон эгалари, сизлар ўғридирсизлар», деб жар солди.
12:71 Улар (жарчилар) ўзларининг олдига келишгач: «Нима йўқотдингизлар?», дедилар.
12:72 (Жарчилардан бири) айтди: «Подшоҳнинг қадаҳини йўқотдик. Уни топиб келтирган кишига бир туя юк (мукофотдир). Мен шунга вакилман».
12:73 Улар дедилар: «Аллоҳга қасамки, бизлар ўғри эмасмиз. Ахир бизлар бу ерга бузғунчилик қилиш учун келмаганимизни биласизлар-ку! Бизлар ўғри эмасмиз».
12:74 «Агар ёлғон айтган бўлсангизлар, (ўғрининг) жазоси нима бўлур?», сўрашди (жарчилар).
12:75 Улар дедилар: «Унинг жазоси, кимнинг юки орасидан топилса, ўша кимса жазоланур — қул қилинур. Бизлар (ўғрилик қилиш билан ўзгаларга) зулм қилган кимсаларни мана шундай жазолаймиз».
12:76 Бас, (Юсуфнинг хизматкори ахтаришни) унинг биродари (Бинямин)нинг идишидан илгари уларнинг (яъни, бошқа оға-иниларининг) идишларидан бошлади. Сўнгра уни (Юсуфнинг) биродари идишидан «топиб» олди. Биз Юсуфга мана шундай ҳийла-тадбирни билдирдик. (Чунки Миср) подшоҳининг динида у биродарини (ўғрилик қилгани учун қул қилиб) олиб қола олмас эди. Магар Аллоҳнинг хоҳиши билан (мазкур ҳийла-тадбир воситасидагина олиб қолди). Биз ўзимиз хоҳлаган кишиларни юксак даражаларга кўтарурмиз. Ҳар бир илм соҳибининг устида (ундан устунроқ) билимдон бордир.
12:77 Улар: «Агар бу (Бинямин) ўғрилик қилган бўлса (эҳтимол, чунки) илгари унинг биродари (Юсуф) ҳам ўғрилик қилган эди», дедилар. Бас, Юсуф бу гапни ичига солиб, уларга билдирмади. Ва: (ўзича) «Сизлар энг ёмон-тубан мартабададирсизлар (яъни, бир вақтлар ўғилни отадан ўғирлаб кетгансизлар). Аллоҳ сизларнинг тўқиб чиқараётган гапларингизни жуда яхши билгувчидир», деди.
12:78 Сўнг улар дедилар: «Эй улуғ зот, унинг бир кекса отаси бор. Сен унинг (Биняминнинг) ўрнига бизлардан биримизни олиб қолгин. Зотан бизлар сенинг чиройли амалларни қилгувчи зотлардан эканлигингни кўрмоқдамиз».