Алоуддин Мансур — 242
12:53 «Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса — албатта барча ёмонликларга буюргувчидир. Дарҳақиқат, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир».
12:54 Подшоҳ айтди: «Уни ҳузуримга келтирингиз, ўзимнинг хос кишиларимдан қилиб олай». Бас, қачонки (Юсуф у билан сўзлашгач, «Сен бу кун бизнинг даргоҳимизда мартабали, ишончли кишидирсан», деди.
12:55 (Юсуф) деди: «Мени шу ернинг хазиналари устига қўйгин. Чунки мен (уларни) тўла-тўкис сақлайдиган ва (тўғри тасарруф қилишни) биладиган кишиман».
12:56 Шундай қилиб, Юсуфни (Миср) еридан ўзи хоҳлаган жойда манзил-маскан тутиб яшайдиган мақомга эриштирдик. Биз фазлу марҳаматимизни Ўзимиз хоҳлаган кишиларга етказурмиз ва чиройли амал қилгувчи зотларнинг ажр-мукофотини зое қилмасмиз.
12:57 Албатта, иймон келтирган ва тақво эгалари бўлган зотлар учун Охиратда ажр-мукофот янада яхшироқ бўлур.[8]
12:58 Юсуфнинг оға-инилари (Мисрга) келишиб, унинг ҳузури кирганларида, уларни таниди. Улар эса (Юсуф)ни танимаган эдилар.[9]
12:59 Қачонки уларнинг ҳожатларини равон қилгач, (Юсуф) деди: «Ўша ота бир бўлган иниларингизни менинг ҳузуримга келтирингиз. Ахир мен сизларга энг яхши мезбон бўлиб, (дон-дунларни) тўла қилиб ўлчаб бераётганимни кўрмаяпсизларми?
12:60 Энди агар уни менинг ҳузуримга олиб келмасангизлар (яъни, мени алдасангизлар), у ҳолда менинг даргоҳимда — сизлар учун бир қадоқ ҳам нарса йўқдир, менинг олдимга яқин келмай қўя қолинглар».
12:61 Улар: «Отасидан у(ни биз билан қўшиб юбориши) ҳақида ўтиниб сўраймиз. Албатта, бизлар (шундай) қилгувчимиз», дедилар.
12:62 (Юсуф ўзининг тарозибон) йигитларига буюрди: «Уларнинг (донга алмаштириш учун) келтирган нарсаларини юкларининг ичига (қайтариб) солиб қўйинглар. Шояд уйларига қайтган вақтларида, у нарсаларини таниб қолиб яна қайтиб келсалар, ажаб эмас».
12:63 Энди қачонки улар оталарининг олдига қайтиб келишгач, дедилар: «Эй ота, (бундан кейин) бизларга озиқ-овқат берилмайдиган бўлди. Фақат биз билан бирга инимизни ҳам юборсанггина озиқ-овқат ола биламиз. Бизлар албатта уни муҳофаза қилгувчимиз».