Алоуддин Мансур — 241
12:44 Улар дедилар: «Бу алоқ-чалоқ тушлар экан. Биз бундай тушларнинг таъбирини билгувчи эмасмиз».
12:45 (Шунда) ҳалиги икки (маҳбус)нинг зиндондан қутулиб чиққани, шунча муддат ўтгач, энди (Юсуфнинг сўзлари) ёдига тушиб, деди: «Унинг таъбирини сизларга мен айтиб берурман, фақат мени (зиндонда ётган Юсуфнинг олдига) юборинглар».
12:46 (Унга рухсат берилгач, зиндонга Юсуфнинг олдига кириб айтди): «Юсуф, эй ростгўй зот, бизга еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еяётгани ҳамда еттита яшил бошоқ билан бирга турган бошқа қуриган (етти бошоқ) ҳақидаги (туш) таъбирини айтиб бергин. Шояд мен одамлар олдига қайтиб боргач (буни уларга айтиб берсам), улар ҳам билиб олишса».
12:47 (Юсуф) деди: «Сизлар пайдар-пай етти йил (дон) экинглар. Кейин ўриб олган ҳосилингизни (бузилмасин учун) ўз бошоғида қолдиринглар, магар ейдиган озгина озуқаларингизнигина (янчиб олинглар).
12:48 Сўнгра ўша (серҳосил етти йил)дан кейин етти йил қаҳатчилик бўлиб, улар учун тайёрлаб-асраб қўйган бор ҳосилингизни еб кетар. Магар озгина (уруғлик учун) асраб қўйган донларингизгина қолур.
12:49 Сўнгра, ўша (қаҳатчилик йиллари)дан кейин бир йил келурки, унда одамлар ёғингарчилик остида қолурлар ва (турли мевалардан) шароблар тайёрлаб олурлар».
12:50 (Соқий подшоҳнинг ҳузурига қайтиб, унинг кўрган тушини Юсуф қандай таъбир қилганини айтгач), подшоҳ деди: «Уни менинг олдимга келтирингиз!» Қачонки (Юсуфнинг олдига) шоҳ элчиси келгач, у: «Хожангнинг ёнига қайтиб бориб, (аввал) ундан ўз қўлларини кесган аёллар нима бўлганини сўра. Албатта, Парвардигорим уларнинг макрларини билгувчидир», деди.[7]
12:51 (Шунда подшоҳ у аёлларни тўплаб) деди: «Юсуфни йўлдан урмоқчи бўлган вақтингизда нима бўлган эди (яъни, у ҳам сизларга майл кўрсатганмиди)?» (Аёллар) айтдилар: «Аллоҳ сақласин! Бизлар ундан бирон ёмонликни сезмаганмиз». (Миср шаҳри) ҳокимининг хотини (Зулайҳо) деди: «Мана энди ҳақиқат тантана қилди. Уни мен йўлдан урмоқчи бўлган эдим. У, шак-шубҳасиз, ростгўй зотлардандир».
12:52 (Элчи қайтиб келиб, Юсуфга бўлиб ўтган гапларни айтиб бергач, у деди): «Буни (яъни, ўзимнинг бегуноҳлигимни исботлаш талабини) мен (шаҳар ҳокими) йўқлигида Унга хиёнат қилмаганимни ва Аллоҳ ҳеч қачон хоинларнинг ишини ўнгламаслигини (мамлакат шоҳи) билиши учун (қилдим)».