>

Алоуддин Мансур — 24

2:154 Ва Аллоҳ йўлида ҳалок бўлган шаҳидлар ҳақида: «Булар ўликлар», демангиз! Йўқ, улар тириклардир, лекин сизлар сезмайсизлар.

2:155 Ва албатта, Биз сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Сабрли кишиларга хушхабар беринг!

2:156 Улар шундай кишиларки, бирор мусибат келганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У зотга қайтгувчилармиз», дейдилар.

2:157 Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордур. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир.

2:158 Албатта Сафо ва Марва Аллоҳнинг (динининг) нишоналаридандир. Бас, ким ҳаж ёки умра қилса, у иккисининг орасида саъй қилишининг гуноҳи йўқдир. Ва ким ўз ихтиёри-ла яхшиликни ният қилса, бас, албатта Аллоҳ Шокир — тоатга яраша тақдирловчи ва Алим — яхши билгувчидир.[24]

2:159 Биз нозил қилган ҳужжатлар ва ҳидоятдан иборат (Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбар эканлиги ҳақидаги) нарсаларни одамларга Китобда (Тавротда) равшан қилиб берганимиздан кейин беркитган кимсаларни шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва лаънатловчи зотлар (фаришталар ва мўминлар) лаънатлагайлар.

2:160 Магар қайсилари тавба қилиб, ўзларини ўнглаб, (одамларга ҳақиқатни) очиқ айтсалар, бас, уларнинг тавбаларини қабул қиламан. Ва фақат Менгина тавбаларни қабул қилгувчи, раҳмлидирман.

2:161 Куфр йўлига кириб, кофир ҳолида ўлиб кетган кимсалар шубҳасиз, Аллоҳнинг ва жамики фаришта ва одамларнинг лаънатига дучор бўлғайлар.

2:162 Ва у ерда азоблари енгиллатилмаган, (озгина бўлса ҳам нафас ростлашга) муҳлат берилмаган ҳолларида абадий (жаҳаннамда) қолгайлар.

2:163 Илоҳингиз ягона илоҳдир. Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. У Раҳмон ва Раҳимдир.