>

Алоуддин Мансур — 237

12:15 Бас, қачонки уни олиб кетишиб, сўнгра қудуқ қаърига ташлашга қасд қилган вақтларида, Биз унга (Юсуфга): «Сен албатта (вақти келиб) оға-иниларингга бу қилмишлари ҳақида хабар берурсан. Улар (ўшанда, сен Юсуф эканингни) сезмайдилар ҳам», деб ваҳий қилдик.

12:16 Улар кечқурун оталари олдига йиғлаган ҳолларида келишди.

12:17 Ва: «Эй ота, бизлар Юсуфни нарсаларимиз олдида қолдириб қувлашиб кетган эдик, уни бўри еб кетибди. Энди рост гапирсак ҳам сен бизларга асло ишонмайсан», дедилар.

12:18 Ва унинг (Юсуфнинг) кўйлагини ёлғон қонга (яъни, бир қўйни сўйишиб ўшанинг қонига) бўяб келтирдилар. (Шунда Яъқуб) айтди: «Йўқ! Сизларга ҳавойи-нафсларинг бирон (ёмон) ишни чиройли қилиб кўрсатган. Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Сизлар сўзлаётган бу нарса (айрилиқ-мусибат) устида мадад сўраладиган зот ёлғиз Аллоҳдир».[3]

12:19 (Юсуф қудуққа ташланганининг учинчи куни, у очликдан азобланиб ётганида) бир карвон келиб, ўзларининг сув изловчиларини (сув келтиргани) юборганларида, у челакни (қудуққа) ташлаган эди, (сувнинг ўрнига челакка осилиб Юсуф чиқди. Шунда у): «Суюнчи беринглар, бу бола-ку!», деб юборди. Сўнг уни сотиладиган нарсалари қатори яшириб қўйдилар. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини билиб тургувчидир.

12:20 (Кейин, карвон Мисрга етиб келгач), уни арзон баҳода — бир неча тангага сотиб юбордилар. (Чунки) улар (Юсуфга) қизиқмаган эдилар.[4]

12:21 Уни Мисрдан сотиб олган (Миср шаҳрининг ҳокими — Қитфийр деган) киши хотини (Зулайҳо)га: «Уни яхшилаб жойлаштиргин. Шояд бизга бирон фойдаси тегиб қолса ёки ўзимизга бола қилиб олармиз», деди. Мана шундай қилиб (яъни, ўлимдан, чоҳдан қутқариб ва Миср ҳокимининг кўнглини мойил қилиш билан) Юсуфни — унга барча тушларнинг таъбирини билдириш учун, — ўша ерга (Миср ҳокимининг уйига) жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир (яъни, Уни Ўзи хоҳлаган ишни қилишдан ҳеч ким манъ қила олмайди), лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар.

12:22 Қачонки (Юсуф) вояга етгач, унга ҳикмат ва билим бердик. Биз чиройли амал қилгувчи зотларни мана шундай мукофотлаймиз.