Алоуддин Мансур — 236
12:5 У (отаси) деди: «Эй ўғилчам, бу тушингни оға-иниларингга ҳаргиз айта кўрма, токи улар сенга қарши бирон ҳийла қилмасинлар.Чунки шайтон инсонга очиқ душмандир».
12:6 Шунингдек, (яъни, сенга шундай улуғ туш кўришни насиб этган каби) Парвардигоринг сени (пайғамбарлик учун) танлар ва сенга барча тушларнинг таъбирини билдирур ҳамда худди илгари аждодларинг Иброҳим ва Исҳоққа комил қилиб бергани каби, сенга ва Яъқубнинг (бошқа) фарзандларига ҳам, Ўзининг (пайғамбарлик) неъматини комил қилиб берур. Албатта, Парвардигоринг илм ва ҳикмат Соҳибидир.
12:7 Дарҳақиқат, Юсуф ва унинг оға-инилари (ҳақидаги қисса)да сўрагувчилар учун оят-ибратлар бордир.
12:8 Ўшанда улар (Юсуфнинг ўгай оғалари) айтган эдилар: «Гарчи биз бир жамоат (яъни, кўпчилик) бўлсак-да, шак-шубҳасиз, Юсуф ва унинг (туғишган) биродари (Бинямин) отамизга биздан кўра суюклироқдир. Дарҳақиқат, отамиз очиқ залолатдадир.
12:9 Юсуфни ўлдиринглар, ёки бирон ерга олиб бориб ташланглар, (шундагина) оталарингиз фақат сизларга боқар. Кейин эса (тавба-тазарру қилиб) яхши қавм бўлиб олурсизлар».
12:10 (Шунда) улардан бир сўзлагувчи деди: «Юсуфни ўлдирманглар, балки агар (ундан қутулиш учун) бирон иш қилмоқчи бўлсангизлар, уни қудуқ қаърига ташлаб юборинглар, йўловчи карвонлар олиб кетсин».
12:11 (Улар шундай қарорга келганларидан сўнг, Яъқуб алайҳиссаломнинг олдига келиб) дедилар: «Эй ота, не сабабдан Юсуфни бизга ишонмайсан? Ахир биз уни, шак-шубҳасиз, холис (яхши кўрувчи)лармиз-ку.
12:12 Уни эртага биз билан айланишга юборгин, ўйнаб-ёзилиб келсин. Албатта, биз уни қўриқлаб-муҳофаза қилгувчилардирмиз».
12:13 (Яъқуб) деди: «Уни олиб кетишларингиз мени маҳзун қилур. Мен, сизлар ғафлатда қолиб, уни бўри еб кетишидан қўрқурман».[2]
12:14 Улар дедилар: «Қасамки, агар биз бутун бир жамоат бўлган ҳолимизда (ғафлатда қолиб) уни бўри еб кетса, демак, биз, шак-шубҳасиз, зиён кўргувчи — ҳалок бўлгувчилардирмиз».