>

Алоуддин Мансур — 235

11:118 Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида, барча одамларни бир миллат (яъни, бир динга эргашувчи) қилган бўлур эди. (Лекин У зот бундай қилишни истамади. Шунинг учун) улар (одамлар) мудом ихтилоф қилурлар.

11:119 Магар Парвардигорингиз раҳм қилган кишиларгина (ҳақ йўлда иттифоқ бўлиб яшарлар). Уларни шунинг учун (яъни, бировлари ҳақ йўлда ҳидоят топишлари, бошқалари ноҳақ йўлларда талашиб-тортишиб юришлари учун) яратгандир. Парвардигорингизнинг «Мен жаҳаннамни (кофир) жин ва кофир одамларнинг барчаси билан тўлдирурмен», деган Сўзи тўла ҳақ бўлди.

11:120 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга пайғамбарларнинг хабарларидан дилингизни мустаҳкам қиладиган қиссаларни сўйлаб берурмиз ва бу қиссаларда сизга ҳақиқат ва панд-насиҳат ҳамда барча мўминлар учун эслатмалар келди.

11:121 Иймон келтирмайдиган кимсаларга айтинг: «Ўзларингиз билган амалларингизни қилаверингиз, биз ҳам ўз амалимизни қилгувчимиз.

11:122 Ҳамда (қилаётган ишларингизнинг оқибатини) кутаверингиз, биз ҳам кутувчилармиз.

11:123 Осмонлар ва Ер фақат Аллоҳникидир ва барча ишлар Унинг Ўзига қайтарилур. Бас, Унга ибодат қилинг ва Ўзига суянинг! Парвардигорингиз қилаётган амалларингиздан ғофил — бехабар эмасдир.

12:1 Алиф, Лом, Ро. Ушбу (оятлар) очиқ-равшан Китоб оятларидир.

12:2 Дарҳақиқат, Биз уни (бу оятларни) ақлларингизни юргизишингиз учун арабий Қуръон ҳолида нозил қилдик.

12:3 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизга ушбу Қуръон (сураси)ни ваҳий қилиш билан қиссаларнинг энг гўзалини сўйлаб берурмиз. Ҳолбуки (Қуръон нозил бўлиши)дан илгари, сиз (бу қиссадан) бехабар кишилардан (бири) эдингиз!

12:4 Эсланг, Юсуф отасига деган эди: «Эй отажон, мен тушимда ўн бир юлдузни, яна қуёш ва ойни кўрибман. Ҳаммалари менга сажда қилишаётган эмиш».[1]