Алоуддин Мансур — 233
11:98 У (Фиръавн) Қиёмат Кунида ўз қавмини бошлаб бориб дўзахга туширур. У тушиладиган энг ёмон жойдир!
11:99 Уларга бу дунёда ҳам, Қиёмат Кунида ҳам лаънат айтилур, у (жазо) бериладиган энг ёмон «ёрдам»дир.
11:100 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), мана шу Биз сизга сўйлаб бераётган шаҳарларнинг хабарларидандир. Улардан (ҳали-ҳануз обод-соғ) турганлари ҳам бор, ўрилиб битганлари (ҳалок бўлиб йўқолиб кетганлари) ҳам бордир.
11:101 Уларга Биз зулм қилмадик, балки ўзларига ўзлари зулм қилдилар, бас, қачонки, Парвардигорингизнинг фармони (яъни, азоби) келганида, Аллоҳни қўйиб, илтижо қиладиган бутлари уларни ҳеч нарсадан беҳожат қилмади ва уларга зиёндан ўзга бирон нарса келтирмади.
11:102 Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир.
11:103 Албатта бу қиссаларда Охират азобидан қўрққан кишилар учун оят-ибратлар бордир. У Кун барча одамлар тўпланадиган ва ҳозир бўлинадиган Кундир.
11:104 Биз уни фақат саноқли муддатгача таъхир қилиб, кечиктириб турамиз, холос.
11:105 У Кун келганида, бирон жон гапирмас, магар Унинг (Аллоҳнинг) изни билангина гапирур. Бас, у (Кунга ҳозир бўлганлар) орасида бахтсизи ҳам бўлур, бахтлиси ҳам.
11:106 Бас, энди бадбахт кимсалар дўзахда бўлиб, у жойда оҳу фарёд қилурлар.
11:107 Улар унда осмонлар ва Ер тургунча қолурлар, магар Парвардигорингиз хоҳласа (яна Ўзи хоҳлаган ҳукмини қилур). Зотан, Парвардигорингиз фақат Ўзи истаган ишни қилгувчи Зотдир![12]
11:108 Бахтиёр зотлар эса жаннатда бўлиб, у жойда осмонлар ва Ер тургунча турурлар, магар Парвардигорингиз хоҳласа (яна Ўзи хоҳлаган ҳукмини қилур). Бу (яъни, жаннатга тушиш бахтига эришиш Парвардигорингизнинг) туганмас инъомидир.