>

Алоуддин Мансур — 230

11:72 У деди: «Вой ўлмасам, ўзим кампир, эрим қари чол бўлса ҳам туғавераманми? Бу жуда қизиқ иш-ку!»

11:73 Улар айтдилар: «Аллоҳнинг амридан ажабланяпсанми? Эй хонадон эгалари, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва барокоти бўлгай. Албатта, У ҳамду сано Эгаси ва Буюкдир».

11:74 Энди қачонки Иброҳимдан қўрқув кетиб, унга хушхабар етгач, Биз (яъни, фаришталаримиз) билан Лут қавми (уларни ҳалок қилишга шошмаслик) ҳақида баҳслаша бошлади.[7]

11:75 Зотан, Иброҳим ҳалим, кўнгилчан ва ибодатли кишидир.

11:76 (Фаришталар айтдилар): «Эй Иброҳим, бу баҳсни қўй. Чунки Парвардигорингнинг фармони келиб бўлган. Албатта, уларга қайтариб бўлмас азоб келгувчидир».

11:77 Қачонки элчиларимиз Лутнинг оддига келганларида, у бундан ёмон ҳолга тушди ва уларнинг келишларидан юраги сиқилиб, деди: «Бу кун оғир кундир».[8]

11:78 (Лут пайғамбарнинг ҳузурига йигитлар келганини эшитишгач) қавми унинг олдига чопиб келишди, илгаридан ёмон ишлар — баччабозлик қилар эдилар. У айтди: «Эй, қавмим, анави қизларим (яъни, шаҳримиздаги қизлар) сизлар учун покроқ-ку (яъни, ўшаларга уйланаверсангизлар бўлмайдими)?! Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва меҳмонларим олдида мени шарманда қилманглар. Орангизда бирон Тўғри Йўлга юргувчи киши йўқми?!»

11:79 Улар дедилар: «Сен қизларингга муҳтож эмаслигимизни аниқ биласан. Шунингдек, биз нимани исташимизни ҳам жуда яхши биласан».

11:80 (Лут) деди: «Қани эди, сизларга кучим етса ёки кучли бир суянчиғим бўлса».

11:81 (Шунда фаришталар) айтдилар: «Эй Лут, биз Парвардигорингнинг элчиларимиз. Улар сенга ҳаргиз тега олмаслар. Бас, сен кечанинг (қолган) қисмида аҳли оилангни олиб чиқиб кетгин ва сизларнинг ичингиздан хотинингдан бошқа ҳеч ким атрофга алангламасин! Зотан, унга (хотинингга) ҳам уларга етган бало етгувчидир. Уларга ваъда қилинган вақт субҳдир. Субҳ яқин эмасми?!»[9]