>

Алоуддин Мансур — 23

2:146 Биз Китоб ато этган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) уни (Муҳаммад пайғамбарни) ўғил фарзандларини таниган каби танийдилар. (Яъни, ўзларининг илоҳий китобларида у ҳақда ўқиганлар.) Ва шунга қарамай, улардан бир гуруҳи билган ҳолларида ҳақиқатни беркитадилар.

2:147 Бу ҳақиқат (яъни, қибланинг ўзгариши) Парвардигорингиз томонидандир. Бас, ҳаргиз шубҳа қилгувчилардан бўлманг!

2:148 Ҳар кимнинг ўз юзланадиган тарафи бор. Бас, яхши ишларга шошилингиз! Қаерда бўлманг, Аллоҳ сизларни барчаларингизни (ҳисоб-китоб учун) келтиради. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.

2:149 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қайси тарафдан чиқсангиз, юзингизни Масжидул-Ҳаром томонга буринг! У шубҳасиз, Парвардигорингиз (буюрган) ҳақ (қибла)дир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.

2:150 Қайси тарафдан чиқсангиз, юзингизни Масжидул-Ҳаром томонга буринг! (Эй мўминлар), қаерда бўлсангизлар, юзларингизни ўша томонга бурингиз! Токи (айрим) одамлар учун сизларнинг устингизда ҳужжат бўлиб қолмасин. Лекин уларнинг ичида зулм қилгувчилар ҳам борки, сизлар улардан қўрқмангиз. Мендан қўрқингиз! Ва токи сизларга неъматимни комил қилиб беришим ва ҳидоят топишингиз учун шундай қилингиз.[22]

2:151 Шунингдек, сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларга Бизнинг оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга Китоб ва Ҳикматни (Қуръон ва Ҳадисни) ўргатадиган ва билмаган нарсаларингизни билдирган бир Пайғамбар юбордик.

2:152 Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман ва Менга шукр қилингиз ва Менга куфр келтирмангиз!

2:153 Эй мўминлар, сабр қилиш ва намоз ўқиш билан (Аллоҳдан) мадад сўранглар! Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир.[23]