Алоуддин Мансур — 229
11:63 У айтди: «Эй қавмим, хабар берингиз-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва менга Ўзининг раҳмати — пайғамбарликни ато этган бўлса-ю, (шундан кейин) мен У зотга исён қилсам, у ҳолда Аллоҳдан (яъни, унинг азобидан) мени ким қутқарур?! Бас, сизлар (мени исёнга чорлашингиз билан) зиёндан ўзга нарса келтирмайсизлар!»
11:64 «Эй қавмим, мана бу Аллоҳ (юборган) туя сизлар учун оят-мўъжиза бўлиб келди. Бас, уни Аллоҳнинг Ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказманглар, акс ҳолда сизларни яқин азоб ушлар».[6]
11:65 Улар эса туяни сўйиб юбордилар. Шунда (Солиҳ) айтди: «Уй-жойларингизда уч кун (тириклик неъматидан) баҳраманд бўлингиз. Мана шу чин ваъдадир».
11:66 Энди қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни, биз юборган бало) келганида, Солиҳ ва у билан бирга иймон келтирган кишиларга Ўз раҳматимиз билан (у азобдан) ва ўша кундаги шармандаликдан нажот бердик. Албатта, Парвардигорингиз ҳақиқий куч-қудрат Эгасидир.
11:67 Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тутиб, турган жойларида тўкилдилар.
11:68 Гўё у ерда ҳеч қачон яшамагандек. Огоҳ бўлингизким, албатта Самуд (қабиласи) Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким, Самуд (қабиласи) ҳалокатга учради.
11:69 Дарҳақиқат, Бизнинг элчиларимиз — фаришталар Иброҳимга (Исҳоқ исмли фарзанд кўриши ҳақида) хушхабар билан келиб, салом бердилар. У ҳам: «Салом», деди-да, қараб турмай бир бузоқни қовуриб келтирди.
11:70 Энди қачонки у овқатга қўл чўзмаганларини кўргач, улардан шубҳаланди ва улардан хавфсирай бошлади. (Шунда) улар: «Қўрқмагин. Бизлар (фаришталармиз таом емаймиз), Лут қавмига (уларни ҳалок қилиш учун) юборилганмиз», дедилар.
11:71 (Парда ортида Иброҳимнинг) хотини турган эди. У (фаришталарнинг Лут қавмини ҳалок қилиш учун келганликларини эшитиб) кулди — хурсанд бўлди. Шунда Биз (фаришталаримиз воситасида) у аёлга Исҳоқ (исмли ўғил кўриши) ҳақида ва Исҳоқдан кейин Яъқуб (исмли набира кўриши) ҳақида хабар бердик.