Алоуддин Мансур — 228
11:54 «Бизлар фақат: «Сени худоларимиздан бири, бир бало (яъни, мажнун) қилиб қўйган», деймиз, холос». У (Ҳуд) айтди: «Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ келтираман, яна ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлингларки, мен сизларнинг (сохта-ёлғон худоларни) шерик қилишингиздан безорман.
11:55 Аллоҳни қўйиб, (Унга сохта-ёлғон худоларни шерик қилишингиздан безорман). Кейин менга муҳлат ҳам бермай қўя қолинглар». (Яъни, қўлингиздан келган ҳийла-найрангларингизни дарҳол, кечиктирмай қилаверинглар.)
11:56 «Мен фақат менинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигоримиз бўлган Аллоҳга суяндим. Ўрмалаган нарса борки, барчаси У зотнинг қўл остидадир. Парвардигорим, шак-шубҳасиз, Тўғри Йўлдадир».
11:57 «Энди агар (менинг даъватимдан) юз ўгирсангизлар, бас, мен сизларга элчи қилиб юборилган динни етказдим. Парвардигорим (сизларни ҳалок қилиб), ўрнингизга бошқа қавмни келтирур ва сизлар (ўз куфрингиз билан) У зотга бирон зиён етказа олмассиз. Албатта, Парвардигорим ҳамма нарсани кузатиб тургувчидир».
11:58 Қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни, азобимиз) келганида, Ҳуд ва у билан бирга иймон келтирган кишиларни Ўз раҳмат-марҳаматимиз билан қутқардик ва уларга қаттиқ азобдан нажот бердик.
11:59 Парвардигорларининг оятларини инкор қилган, Унинг пайғамбарларига исён қилган ва барча қайсар, золимлар амру фармонларига бўйинсунган ана ўшалардир.
11:60 Уларга бу дунёда ҳам, Қиёмат Кунида ҳам лаънат айтилур. Огоҳ бўлингизким, албатта Од қабиласи Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким, Ҳуднинг қавми бўлган Од ҳалокатга учради.
11:61 Самуд қабиласига ўз биродарлари Солиҳни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. У сизларни ердан пайдо қилиб, унга жойлаштирди. Бас, Ундан мағфират сўранглар ва Унга тавба-тазарру қилинглар. Албатта, Парвардигорим яқин ва (дуоларни) ижобат қилгувчидир».
11:62 Улар дедилар: «Эй Солиҳ, сен илгари бизнинг орамиздаги умидли киши эдинг-ку. Энди бизларни ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларга ибодат қилишимиздан қайтарурмисан?! Албатта, бизлар сенинг даъват қилаётган динингдан шак-шубҳадамиз».