>

Алоуддин Мансур — 227

11:46 (Аллоҳ) айтди: «Эй Нуҳ, у сенинг аҳлингдан эмас! Албатта у(нинг қилган амали куфр йўлини тутгани) ёмон амалдир. Бас, ўзинг яхши билмаган нарса ҳақида асло Мендан сўрамагин! Албатта, Мен сенга жоҳил-нодонлардан бўлмасликни буюраман».

11:47 У (Нуҳ) деди: «Парвардигорим, мен Сендан ўзим билмаган нарсани сўрашдан паноҳ тилайман! Энди агар мени мағфират қилиб, Ўз раҳматингга олмасанг, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурман».

11:48 (Шунда) айтилди: «Эй Нуҳ, Бизнинг тинч, саломат сақлашимиз билан ва ўзингга ҳамда сен билан бирга бўлган кишиларнинг зурриётларига бўладиган баракотлар билан (кемадан ерга) тушгин. (Яъни, сен ва сенга иймон келтирган кишиларга Биз томондан тинчлик-омонлик ва файзу баракотлар етар.) Яна бошқа (яъни, кофир) жамоалар ҳам келурки, Биз уларни ҳам озгина фойдалантирурмиз, сўнгра эса уларни Биз томондан бўлган аламли азоб тутар».

11:49 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), булар Биз сизга ваҳий қилаётган ғайб хабарларидандир. Илгари буларни на сиз ва на қавмингиз билар эдингиз. Бас (ҳақ динга даъват қилишда кофирларнинг етказаётган озорларига) сабр қилинг. Албатта, оқибат — натижа Аллоҳдан қўрқувчи кишиларникидир.

11:50 Од қабиласига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизлар (хилма-хил бутларни) фақат ўзларингиз тўқиб олурсизлар, холос (улар хеч қандай илоҳ эмасдирлар)».

11:51 «Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат мени яратган Зот зиммасидадир. Ахир ақл юргизмайсизларми?!»

11:52 «Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба-тазарру қилингиз, шунда У зот устингизга осмондан ёмғир қуйдирар ва куч-қувватларингизга яна куч-қувват қўшар. Жинояткор-гуноҳкор бўлган ҳолингизда (менинг даъватимдан) юз ўгириб кетмангиз!»[5]

11:53 Улар дедилар: «Эй Ҳуд, сен бизга (ўзингнинг пайғамбар эканлигингаи тасдиқлайдиган) бирон ҳужжат келтирмадинг. Бизлар сенинг қуруқ гапинг билан ўз худоларимизни тарк қилгувчи эмасмиз. Ва бизлар сенга иймон келтиргувчилар эмасмиз».