Алоуддин Мансур — 222
11:6 Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир.[1]
11:7 У (Аллоҳ) сизларнинг қайсиларингиз яхшироқ иш — амал қилиб яшашингизни синаш учун олти кунда осмонлар ва Ерни яратган Зотдир. Илгари У зотнинг арши сув устида (яъни, у арш остида сувдан бўлак ҳеч нарса яратилмаган эди). (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қасамки, агар сиз: «Шак-шубҳасиз, ўлганингиздан кейин қайта тирилурсизлар», десангиз, албатта кофир бўлган кимсалар: «Бу очиқ сеҳр-жодудан ўзга нарса эмас, дейдилар.[2]
11:8 Қасамки, агар уларни азоблашни маълум муддатгача кечиктирсак, албатта улар: «Уни (азобни) нима тўсмоқда?», деб истеҳзо қиладилар. Огоҳ бўлсинларким, у (азоб) келар кунида улардан қайтиб кетувчи бўлмас ва кулиб-истеҳзо қилиб юрган нарсалари уларни ўраб олур.
11:9 Қасамки, агар Биз инсон зотига раҳмат-марҳаматимизни тотдириб, сўнгра Ўзимиз уни тортиб олсак, у албатта ноумид ва ношукрлик қилиши шубҳасиздир.
11:10 Қасамки, агар унга бирон зиён-заҳмат етганидан кейин Биз ноз-неъматларни тотдириб қўйсак, албатта у: «Барча ёмонликлар мендан нари кетди», (энди ҳеч қачон қайтиб келмайди) дейди. Дарҳақиқат, у мағрур ва мақтанчоқдир.
11:11 Магар (балоли кунларда) сабр қилиб, (сафоли кунларда) яхши амаллар қиладиган зотлар борки, ана ўшалар учун мағфират ва катта ажр-мукофот бўлур.
11:12 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), эҳтимол, сиз (мушриклар): «Унга осмондан хазина — бойлик туширилса ёки у билан бирга (унинг пайғамбар эканлигини тасдиқлайдиган) бирон фаришта келса бўлмасмиди?», деганлари сабабли ўзингизга ваҳий қилинаётган оятларнинг айримларини (уларга етказишни) тарк қиларсиз ва шу сабабли, дилингиз сиқилар? (Йўқ, сиз ўзингизга нозил қилинган оятларни тўла-тўкис ҳолида кишиларга етказаверинг, чунки) фақатгина сиз (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчисиз, холос. Аллоҳ ҳамма нарсанинг устида (кузатиб, билиб тургувчи) Вакилдир.