>

Алоуддин Мансур — 220

10:98 Қани энди (биз ҳалок қилган қишлоқлар ичида) бирон қишлоқ (аҳли ўз пайғамбарлари айтган азобни сезган вақтларида) иймон келтирсалар эди, албатта иймонлари фойда қилган (яъни, ҳалок бўлмаган) бўлар эди. Фақат Юнус қавмигина (шундай қилди). Иймон келтиришгач, улардан ҳаёти дунёдаги расволик азобини кетказдик ва уларни маълум бир вақтгача (яъни, ўз ажаллари билан вафот этгунларича) фойдалантирдик.[8]

10:99 Агар Парвардигорингиз хоҳласа эди, бутун Ер юзидаги барча кишилар иймон келтирган бўлур эдилар. Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз? (Яъни, бундай қилиш дуруст эмасдир. Чунки киши ўз ихтиёри билан келтирган иймонгина ҳақиқий мақбул иймондир).

10:100 Аллоҳнинг изну иродасисиз ҳеч бир жон мўмин бўла олмас. У (Аллоҳ) ақл юргизмайдиган кимсаларни азобга дучор қилур.

10:101 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, Макка мушрикларига) айтинг: «Осмонлар ва Ердаги нарсаларни (яъни, ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси бор эканлигига далолат қилувчи белгиларни) кузатинглар. (Чунки) иймон келтирмайдиган қавм учун (ҳеч қандай) оят-мўъжизалар ва қўрқитувлар фойда бермас.

10:102 Улар фақат ўзларидан илгари ўтган (кофир) кимсаларнинг кунига ўхшаш (бир кунни, яъни Қиёматни, Аллоҳнинг азоби)ни кутмоқдалар, холос. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга) айтинг: «Кутаверинглар. Мен ҳам сизлар билан бирга кутгувчиларданман».

10:103 Сўнгра (яъни, Қиёмат келиб, азоб нозил бўлгач), пайғамбарларимиз ва иймон келтирган зотларга нажот берурмиз. Шундай қилиб, (охир-оқибатда) иймон келтирган зотларга нажот бериш Бизнинг зиммамиздаги бурч бўлди.

10:104 Айтинг: «Эй инсонлар, агар сизлар менинг динимдан шак-шубҳада бўлсангиз, бас (билингизки), мен сизлар Аллоҳни қўйиб сиғинадиган бутларингизга ибодат қилмайман, балки сизларнинг жонингизни оладиган Зот — Аллоҳга ибодат қилурман. Ва мен мўминлардан бўлишга маъмурман (амр этилганман).

10:105 Ва (менга буюрилганки), ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг, ҳаргиз мушриклардан бўлманг.

10:106 Ва Аллоҳни қуйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай қилсангиз, у ҳолда албатта золимлардандирсиз!