>

Алоуддин Мансур — 22

2:142 Одамлардан ақлсизлари: «Улар (мусулмонлар)ни илгари қараган қиблаларидан қандай нарса юз ўгиртирди?», дейдилар. Айтинг: «Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир. У Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳақ йўлга ҳидоят қилади».[20]

2:143 Шунингдек, (яъни, Ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик. Сиз илгари қараган қиблани Биз фақатгина ким пайғамбарга эргашиб, ким орқасига қайтиб кетишини билиш учун қилганмиз, холос. Шубҳасиз, бу оғир иш. Магар Аллоҳ ҳидоят қилган зотларгагина (оғир эмасдир). Аллоҳ иймонларингизни (яъни, иймон билан ўқиган намозларингизни) зое қилгувчи эмас. Албатта, Аллоҳ одамларга меҳрибон ва раҳмлидир.[21]

2:144 Гоҳо юзингиз самода кезганини кўрамиз. Бас, албатта Биз сизни ўзингиз рози бўлган қиблага бурамиз. Юзингизни Масжидул-Ҳаром (Макка) томонга буринг! (Эй мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангизлар, юзларингизни унинг тарафига бурингиз! Китоб берилган зотлар албатта бунинг Парвардигорлари томонидан (келган ҳақ ҳукм) эканини биладилар. Аллоҳ улар қилаётган амаллардан ғофил эмасдир.

2:145 Қасамки, агар Сиз китоб берилган кимсаларга бор мўъжизаларни келтирсангиз ҳам улар қиблангизга боқмайдилар. Сиз ҳам уларнинг қибласига боқувчи эмассиз. Улар (яҳудий ва насронийлар)нинг бировлари бировларининг қибласига боқувчи эмас. Агар сиз ўзингизга келган билим (ваҳий)дан кейин ҳам уларнинг ҳавойи нафсларига эргашсангиз, у ҳолда шубҳасиз, золимлардан бўлиб қоласиз.