Алоуддин Мансур — 219
10:89 (Аллоҳ) деди: «Дуоларингиз ижобат бўлди. Энди Тўғри Йўлда собит бўлинглар ва ҳатто ҳаргиз билмайдиган кимсаларнинг йўлига эргашманглар!»
10:90 Биз Бани Исроилни денгиздан ўтказганимиздан кейин уларга зулму зўравонлик қилиш учун Фиръавн ва унинг лашкари қувиб етди. Энди унга (Фиръавнга денгизда) ғарқ бўлиш (пайти) етганида эса, у деди: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Бани Исроил иймон келтирган Зот — Аллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман — Аллоҳга бўйинсунувчилардандирман».[6]
10:91 Энди-ми?! Ахир сен илгари (яъни, шу пайтгача) итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку!
10:92 Мана бугун ўзингдан кейинги кишиларга оят — ибрат бўлишинг учун сенинг жасадингни қутқарурмиз. Дарҳақиқат, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар (яъни, улардан ибрат олмайдилар).
10:93 Шубҳасиз, Биз Бани Исроилни гўзал манзилга жойлаштирдик ва уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик. Сўнг улар то билим (яъни, Таврот) келгунича ихтилоф қилмадилар. Албатта, Парвардигорингиз Қиёмат Кунида талашиб-тортишган нарсалари ҳақида уларнинг ўртасида Ўзи ҳакамлик қилур.[7]
10:94 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), агар Биз сизга нозил этган нарсадан (яъни, илгари ўтган қавмлар ҳақида нозил қилган оятларимиздан) шубҳада бўлсангиз, у ҳолда ўзингиздан аввалги Китоб (яъни, Таврот ёки Инжилни) ўқийдиган кишилардан сўранг! Аниқки, сизга Парвардигорингиз томонидан Ҳақ — Қуръон келди. Бас, ҳаргиз шубҳа қилгувчилардан бўлманг!
10:95 Ва ҳаргиз Аллоҳнинг оятларимни ёлғон дейдиганлардан бўлмангки, у ҳолда зиёнкорлардан бўлиб қолурсиз.
10:96 Албатта, зиммаларига Парвардигорингизнинг Сўзи (яъни, азоби) вожиб бўлган кимсалар иймон келтирмайдилар.
10:97 Гарчи уларга барча оят-мўъжизалар келса-да, то аламли азобни кўрмагунларича (иймон келтирмайдилар).